"ОИВ/ОИТСга қарши биргаликда курашамиз"
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 20 январдаги “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касалликка қарши курашиш тизимини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида Сирдарё вилояти Гулистон шаҳри, Оқолтин ва Боёвут туманларида "ОИВ/ОИТСга қарши биргаликда курашамиз" шиори остида тиббий-профилактик тадбир ўтказилди.
–Дунё миқёсида ОИВ билан яшаётган 39,9 миллион киши мавжуд бўлиб, уларнинг 9,3 миллиони ҳаёт учун зарур бўлган даволанишни олмаяпти,–дейди Сирдарё вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази директори Гулуфар Нормуратова. – Бу ҳолатлар ҳар дақиқада бир киши ОИВ/ОИТС билан боғлиқ сабаблардан вафот этишига олиб келмоқда. Жаҳон етакчилари 2025 йилга келиб янги ОИВ инфекцияларининг йиллик аниқланиш сонини 370 мингдан пастга туширишга ваъда беришган, лекин 2023 йилда янги ОИВ инфекциялари сони 1,3 миллионга етгани бу мақсадга эришишнинг қийинлигини кўрсатмоқда. Шу сабабли бу турдаги касалликларнинг олдини олиш, эрта босқичларда ташхислашда аҳолининг хабардорлигини оширишга қаратилган тиббий-профилактик тадбирларнинг аҳамияти катта.

Сирдарё вилоятида 2023 йилда ўтказилган тиббий-профилактик тадбирлар давомида 9 та ҳолатда, 2024 йилда эса 7 та ҳолатда ОИТС касаллигининг охирги босқичидаги беморлар аниқланган. Улар орқали яна неча киши бу турдаги касалликка дучор бўлганини айтиб бўлмайди,. Бунинг бирдан-бир йўли аҳолини жойларда ўтказилаётган тиббий-профилактик тадбирлар билан қамраб олиш ҳисобланади. Касалликнинг кеч аниқланиши жиддий хавотирга солса, эрта босқичларда аниқлаш эса касалликни даволашда ижобий самара беради.

Оқолтин ва Боёвут туманларида ўтказилган тадбирлар давомида ўз саломатлигига бефарқ бўлмаган 200 нафарга яқин аҳоли вакиллари ва ёшлар тиббий-профилактик кўрикдан ўтказилди. Жуфтликлардан қон таҳлиллари олиниб текширилди ва 4 нафар беморга касалликларнинг профилактикаси доирасида дори-дармон воситалари тақдим этилди.

Оқ олтин туманида 26 нафар янги ишга қабул қилинган тиббиёт ходими ОИВ инфекциясининг профилактикаси, ташхиси ва даволаши бўйича ўқитилди. Туман тиббиёт бирлашмасида ОИВ инфекциясининг олдини олиш ва юқиш ҳолатларини камайтириш бўйича мониторинг ўтказилди.

Хуллас, Сирдарёда "Биз ОИВ/ОИТСга қарши биргаликда курашамиз" тадбири давомида ОИВ/ОИТС касаллиги, унинг келиб чиқиш сабаби, профилактикаси ва олдини олиш тўғрисида кенг маълумотлар берилди. Бу эса ОИВ/ОИТСнинг тарқалиши олдини олишда, уларни эрта аниқлаш ва даволашда муҳим роль ўйнайди. Бу каби тадбирлар вилоятнинг бошқа туман ва шаҳарларида ҳам ўтказилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири