ОИТС: ҳамкорликда курашишнинг самараси юқори
Андижон вилояти ахборот-кутубхона марказида вилоят ОИТСга қарши кураш маркази томонидан матбуот анжумани ўтказилди. Унда ҳамкор ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари, матбуот хизматлари вакиллари иштирок этди.
Анжуманда Андижон вилояти ОИТСга қарши кураш маркази бош шифокори ўринбосари Шоҳруҳ Усмонов вилоятдаги ОИВ инфекцияси бўйича эпидемиологик вазият, ўтган йили ва жорий йилнинг биринчи чорагида касаллик тарқалишининг олдини олиш бўйича ҳамкор ташкилотлар билан олиб борилган ишлар ҳақида маълумотлар берди.

Таъкидланганидек, вилоят ОИТСга қарши кураш маркази шифокор ва мутахассислари ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакиллари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 20 январдаги “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касалликка қарши курашиш тизимини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар фаоллигида олиб бориладиган тизимли тарғибот тадбирлари концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорлари ижроси доирасида эътиборга молик ишлар амалга оширилди.

Ана шу ишлар натижасида вилоят ҳудудида ОИВ инфекцияси ва қўшимча касалликлар тарқалишининг олдини олиш, эпидемияга қарши, диагностик тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, аҳоли, хусусан, чет давлатларда ишлаб қайтган фуқароларни ОИВ инфекцияси текширувларига жалб этиш, ОИВ инфекциясига чалинган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш, уларни диспансер кўригидан ўтказиш, дори воситалари билан таъминлаш, ҳаёти сифатини яхшилаш, ҳамкор ташкилотларга услубий ёрдамлар кўрсатиш борасида зарур ишлар олиб борилганлиги қайд этилди.

Жумладан, кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати яхшиланганлиги, марказ ва унинг қуйи бўлинмалари давлат бюджети ва халқаро жамғармалар томонидан тест системалари ва ретровирусга қарши дори воситалари билан мунтазам таъминланганлиги натижасида ОИВ инфекцияси билан касалланган фуқаролар сони, шунингдек, касалликнинг онадан болага юқиши ҳолатлари кескин камайган.
Аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида маҳаллалар масъуллари, ички ишлар, диний идоралари вакиллари билан ҳамкорликда ОИВ инфекцияси билан касалланган шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ҳам зарур ишлар олиб борилганлиги алоҳида қайд этилди.
Анжуманда, хорижда ишлаб қайтган фуқароларни ОИТС вируси текширувига жалб этиш борасида муаммолар мавжуд эканлиги, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада ошириш, фуқароларнинг ихтиёрий равишда кўрикдан ўтишига эришиш юзасидан тарғибот-тушунтириш ишларини янада кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Шундан сўнг Андижон вилояти ОИТСга қарши кураш маркази бош шифокори ўринбосари Шоҳруҳ Усмонов ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ОИТС хасталиги юқишининг олдини олиш бўйича олиб борилган ишлар, эришилган натижалар ҳамда келгуси режалар ҳақида гапирди.
– Никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўрик, хусусан, ОИВ вируси текширувидан ўтишига алоҳида эътибор қаратиш зарур, – дейди Андижон шаҳридаги “Шаҳидтепа” жоме масжиди имоми Қобилжон Исақов. – Бундан ташқари, текширувдан ўтмаган келин-куёвни никоҳламаслик, бу борада норасмий имомларнинг фаолиятини назоратга олиш муҳимдир.
Вилоят ички ишлар бошқармаси вакили И.Абдуғаниев амалдаги қонунчилигимизда ОИВ инфекциясини билган ҳолда бошқа шахсларга юқтирганлик ёки юқтириш ҳолатларини юзага келтирганлик учун жиноий жавобгарлик мавжудлигини таъкидлади. Бу борада ички ишлар бошқармаси, унинг бўлинмалари томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда олиб борилаётган ишлар ҳақида гапирди.
Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакилларини қизиқтирган саволларга мутасадди ва мутахассислар батафсил жавоб қайтарди.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири.