Чорва маҳсулдорлиги оширилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг йиғилишида дастлаб депутатлар Президентимиз ҳузурида бўлиб ўтган Кадастр агентлиги фаолиятини янгича ёндашув асосида ташкил этиш, аҳоли ва тадбиркорларга кўрсатилаётган хизматларни соддалаштириш юзасидан тақдимотда илгари сурилган таклиф-ташаббуслар аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Қайд этилганидек, қулай, тезкор ва шаффоф кадастр хизматларини йўлга қўйиш аҳоли ва тадбиркорлар учун муҳим янгилик бўлади. Сўнгги икки йилда 1,2 миллиондан ортиқ кўчмас мулк объекти хатловдан ўтказилиб, кадастр хизматларининг 90 фоизи онлайн шаклга ўтказилди. Энди соҳадаги ортиқча бюрократик жараёнларни қисқартиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Депутатлар янги тизимда “битта ариза – битта тўлов” тамойилининг жорий этилгани ва кадастр хизматларини тўлиқ онлайн кўрсатиш ва ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш жараёни бир неча сониягача қисқартирилганини эътироф этишди. Бу фуқароларнинг вақти ва маблағини тежаш билан бирга, ортиқча оворагарчиликларни ҳам камайтираётганини таъкидлашди.
Шунингдек, фракция аъзолари Президентимиз ҳузурида чорвачилик тармоқларини ривожлантириш, гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳамда соҳага замонавий технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган тақдимоти аҳамиятини ҳам кенг муҳокама қилди.
Депутатлар чорвачилик соҳасини ривожлантириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш бўйича белгиланаётган янги чора-тадбирлар соҳани янада ривожлантиришга мустаҳкам асос яратишини қайд этишди. Жумладан, 2026-2028 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар доирасида фаолияти тўхтаб қолган чорвачилик корхоналарини қайта тиклаш, ихтисослашган ҳудудларни қўллаб-қувватлаш ва янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш каби режалар қизғин қўллаб-қувватланди.
Фракция аъзолари чорвачиликда рақамли технологиялардан фойдаланишни кенгайтиришга оид таклифни ҳам эътироф этишди. Қайд этилганидек, энди “Смарт Фермер” платформаси орқали фермер ва аҳолига замонавий хизматлар кўрсатиш, сунъий интеллект ва рақамли мониторинг жорий этилади. Бу чоралар чорва маҳсулдорлигини ошириш, аҳоли даромадларини кўпайтириш ва ички бозорни сифатли гўшт ҳамда сут маҳсулотлари билан барқарор таъминлашга хизмат қилади.
М.Комилова,
ЎзА