“Оиламиз учун айни муддао бўлди”
Марказий сайлов комиссиясининг 8 октябрь куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилар учун 2024 йил 16-23 октябрь кунлари муддатидан олдин овоз беришни ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Муддатидан олдин овоз бериш кунлари сайлов участкаларида овоз бериш вақти иш кунлари соат 9:00 дан 18:00 га қадар, дам олиш кунлари эса соат 11:00 дан 17:00 га қадар давом этиши белгиланган.
Сайлов кодексининг 57-моддасига кўра, муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун сайловчи сайлов кунида бўла олмаслигининг сабаблари (таътил, хизмат сафари, хорижга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида тегишли участка сайлов комиссиясидан сайлов бюллетенини олади. Сайловчи сайлов бюллетенини олганлиги ҳақида тегишли участка сайлов комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида сайловчилар рўйхатига имзо қўяди.

Қашқадарё вилоятидаги сайлов участкаларида ҳам муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари давом этмоқда.
Хусусан, Ғузор туманидаги Давлат хизматлари марказида жойлашган 119-сайлов участкасида ҳозирга қадар ўн нафардан ортиқ сайловчи муддатидан олдин овоз берди. Улардан бири Хўжагузар маҳалласида истиқомат қилувчи Шаҳло Қўчқорова келини Маҳбуба Муҳаммадиева билан келиб, овоз беришда иштирок этди.

– Қонунчиликда муддатидан олдин овоз бериш тамойили борлиги бизнинг оиламиз учун айни муддао бўлди, – дейди Ш.Қўчқорова. – Шаҳрисабз туманида яшайдиган қудаларимиз тўй бошлаб қўйган. Сал олдинроқ бориб, тўйда хизматда бўлишни мўлжаллаб турибмиз. Шунинг учун сайловда эртароқ қатнашайлик, дедик ва ўзимиз муносиб деб билган номзодларга, партияга овоз бердик.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири