“Оилам бағрида ишлаб, даромад топяпман”
Бухоро вилояти Қоровулбозор тумани “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган Шуҳрат Чориев кўп йилдирки, тирикчилик ташвишида чет давлатларга қатнаб, ишлаб келарди. Ўтган йилдан буён бу йигит ўз уйида, маҳалласида ишлаб, даромад топиш ҳаракатида. Ҳоким ёрдамчиси тавсияси асосида имтиёзли кредит асосида юк кўтарувчи электромотоциклга эга бўлгани унга қўл келмоқда.
Бундан ташқари, ҳозир унинг хонадони оғилида 7 бош эчки ва 10 бошдан зиёд товуқ парваришланмоқда. Шунингдек, қарийб 4 сотихли томорқасида ерини яшнатиб, эрта баҳордан картошка, булғор қалампири, бақлажон кабиларни экиб, етиштириб келмоқда. Ҳадемай, йиғиштириб олинадиган картошка ҳам бир неча ойга рўзғори эҳтиёжини қоплайди.
Муҳими, энди хонадон соҳиби кечаги мусофирлик сарсонгарчиликларидан қутилиб, ўз уйида, оиласи бағрида эмин-эркин ишлаб юрибди. Дарвоқе, юк мотоциклига ҳам кунора тушаётган буюртмаларни бажариб, маҳалладошлари ҳожатини ҳам чиқармоқда.

– Шу кунгача бегона юртларда сарсон-саргардон юргандим, – дейди Шуҳрат Чориев. –Бугун оилам бағрида ишлаб, даромад топяпман. Юртимизда, маҳалламда барча имкониятлар яратилган. Узоқ юртларда юриб, сарсон-саргардон бўлишга ҳожат йўқ. Бунинг учун давлатимиз раҳбарларига раҳмат. Мени қўллаб-қувватлаб, барча имкониятни яратиб берди.

Шу маҳаллада яшовчи Аҳмаджон Ортиқов ҳам шу пайтгача чет элга қатнаб, дуч келган ишни қилиб, оиласини боқишга мажбур бўлганлардан. Бир неча ойдирки, бу йигит ҳам Қоровулбозордан чиқмасдан, ўз маҳалласида ишлаб кам бўлаётгани йўқ. У ҳам ҳоким ёрдамчиси қўллаб-қувватлови туфайли 30 миллион сўм атрофидаги имтиёзли кредит маблағи эвазига 3 бош йирик шохли қорамолга эга бўлди.

Биргина чора туфайли бир оила таъминотига дахлдор муаммо ечим топди.
Ҳозир Аҳмаджон оила аъзолари кўмагида оғилхонасида новвос боқмоқда. Ҳадемай, қорамоллари етилса, гўштга топшириб, мўмай даромадга эга бўлади. Бу билан чекланиб қолмаган хонадон аҳли қўшимча 40 бошдан ошиқ товуқ ва ўрдак ҳам парвариш қилмоқда.

Аҳмаджон Ортиқов ҳовли этагидаги томорқасини ҳам обод қилиб, шу кунда рўзғорига етадиган сабзавотларни етиштирмоқда.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири