Оила жипслиги жамият мустаҳкамлигини таъминлайди
Бугунги кунда оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ажримларнинг олдини олиш ва фарзандларни тўлиқ оила бағрида тарбиялаш масаласи давлат ва жамият олдидаги энг муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Чунки ҳар бир сақлаб қолинган оила — бир инсоннинг эмас, бутун бир авлоднинг тақдири, фарзандлар келажаги, жамиятнинг эртанги куни демакдир.
Шу эзгу мақсад йўлида Бухоро вилояти суди ҳамда Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамкорлигида Ғиждувон туманида кенг жамоатчилик иштирокида таъсирчан ва ҳаётий тадбир ташкил этилди. Унда ажрим ёқасига келиб қолган оилалар муаммоларини ўрганиш, уларга амалий ёрдам бериш ва энг муҳими — оилаларни қайта тиклашга қаратилган муҳим мулоқот майдони яратилди.
Тадбирда Бухоро вилояти суди раиси У.Рўзиев, вилоят ҳокими ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Ҳ.Ортиқова, туман ҳокими, судьялар, прокуратура ва ички ишлар органлари масъуллари, профилактика инспекторлари, маҳалла раислари, нуронийлар, имом-хатиблар, отинойилар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Учрашувга фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро судида кўрилаётган никоҳдан ажратиш ишлари бўйича эр-хотинлар, уларнинг ота-оналари ва яқин қариндошлари ҳам таклиф қилинди.

Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Олий суди буюртмаси асосида суратга олинган “Фарзанд омонат” қисқа метражли фильми намойиш этилди.
Атиги йигирма дақиқа давом этган ушбу фильм йиғилганларга кучли таъсир кўрсатди. Экран орқали намоён бўлган ҳаётий воқеалар, ажрим азобини бошидан кечираётган болаларнинг ички кечинмалари ва ота-она масъулияти ҳақидаги лавҳалар кўпчиликни чуқур ўйга толдирди.
Залдаги кўплаб иштирокчилар кўз ёшларини яшира олмади. Айримлар ўз ҳаётини, айримлар фарзандларининг келажагини кўз олдига келтирди. Чунки ажрим икки инсоннинг эмас, аввало фарзанд қалбининг оғриғи эканлиги яна бир бор намоён бўлди.

Тадбирда сўзга чиққанлар оила муқаддас қўрғон, маънавият ва тарбия маскани эканлигини таъкидлашди. Таъкидланганидек, никоҳ халқимизнинг азалий қадриятларидан бири бўлиб, уни асраб-авайлаш ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчидир. Эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликлар кўп ҳолларда сабр, мулоқот ва ўзаро тушуниш орқали ҳал қилиниши мумкин.
Масъуллар, нуронийлар, маҳалла фаоллари ва диний уламолар ҳар бир оила билан алоҳида суҳбатлар ўтказиб, муаммоларнинг илдизини аниқлашга ҳаракат қилишди. Айрим ҳолларда бир оғиз самимий сўз, холис маслаҳат ёки ота-она дуоси йиллар давомида йиғилиб қолган аразларни бартараф этди.
Тадбирнинг энг қувонарли натижаси шунда бўлдики, ажрим ёқасига келиб қолган 15 та оила яраштирилди ва уларнинг никоҳи сақлаб қолинди.

Бу рақам ортида 15 та хонадон, ўнлаб фарзандлар ва юзлаб инсонларнинг қалбида қайта ёнилган умид чироғи мужассам.
Кечагина бир-биридан ранжиган, суд остонасигача етиб келган эр-хотинларнинг ярашиб кетиши йиғилганларнинг қалбида катта қувонч уйғотди. Энг муҳими, фарзандлар ўз ота-онаси бағрида қолди. Улар учун бугунги кун эҳтимол ҳаётларидаги энг бахтли кунлардан бири бўлди.
Ярашган жуфтликларнинг ота-оналари, қариндошлари ва фарзандларининг кўзларидаги қувонч ҳамманинг қалбига тафт улашди.
Тадбир давомида ярашишга улгурмаган оилалар билан ҳам тушунтириш ишлари олиб борилди. Уларга белгиланган муддатлар давомида муаммоларни тинч йўл билан ҳал этиш, ўзаро муроса қилиш ва оилани сақлаб қолиш бўйича тавсиялар берилди.

Мутахассислар таъкидлаганидек, ҳар қандай оилада турли синовлар бўлади. Бироқ муҳаббат, сабр-тоқат, ҳурмат ва масъулият сақланган жойда муаммоларнинг ечими ҳам топилади.
Ғиждувонда ўтказилган мазкур тадбир яна бир ҳақиқатни исботлади: ажрим ҳеч қачон муаммонинг энг яхши ечими эмас. Аксинча, бир қадам орқага чекиниб, бир-бирини эшитишга ҳаракат қилган жуфтлик кўп ҳолларда ўз бахтини қайта топиши мумкин.
Бугун тикланган 15 та оила — бу шунчаки статистика эмас. Бу 15 та сақлаб қолинган тақдир, 15 та фарзанднинг кўз ёши артилгани, 15 та хонадонда умид қайта уйғонганидир.

Ҳар бир оила шуни унутмаслиги керак: фарзанд учун энг катта бойлик — ота ва онанинг бир дастурхон атрофида, аҳил ва иноқ яшашидир. Оила сақланса, фарзанд бахтли бўлади. Фарзанд бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади. Мустаҳкам жамият эса буюк келажакнинг энг ишончли пойдеворидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири