Оила тинчлиги — маънавий барқарорлик асоси
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоятига ташрифи давомида билдирилган фикрлар оила институтини мустаҳкамлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш, жамиятда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш ва инсон қадрини юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини яна бир бор кўрсатди.
Шукроналик инсоннинг бор неъматни қадрлай билиши, ҳаётидаги яхшиликларни кўра олиши ва мавжуд имкониятларга муносиб муносабатда бўлишидир. Оилада шукроналик муҳити қарор топса, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик ҳам мустаҳкамланади. Бундай хонадонда ҳар бир аъзо ўзини қадрланган ва керакли инсон сифатида ҳис қилади.
Бугун юртимизда оилаларнинг фаровон ва муносиб ҳаёт кечириши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Илгариги даврлар билан қиёслаганда, бугунги оилаларнинг турмуш шароити, таълим олиш, касб-ҳунар эгаллаш, меҳнат қилиш, замонавий уй-жой ва инфратузилмадан фойдаланиш имкониятлари тобора кенгайиб бормоқда. Айниқса, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муносиб ҳаёт кечириши учун шароит яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар оила институтига бўлган эътиборнинг амалий ифодасидир.
Албатта, тараққиёт фақат моддий шароитлар билан эмас, инсоннинг маънавий дунёси, оилавий муносабатлари ва ҳаётга бўлган муносабати билан ҳам белгиланади. Замонавий шароит ва имкониятлардан оқилона фойдаланиш билан бир қаторда, оилада миллий қадриятлар, меҳр-оқибат, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, садоқат ва масъулият каби фазилатларни асраб-авайлаш ҳам муҳим вазифадир.
Бугун оилаларда ҳам замон билан бирга, янги муносабатлар, янги имкониятлар ва янги қарашлар шаклланмоқда. Бу жараёнда замонавийлик билан миллий қадриятларни уйғунлаштириш, оилавий муносабатларда ўзаро ҳурмат ва масъулиятни сақлашга хизмат қилиши керак. Чунки замонавий оила фақат замонавий уй-жой ёки қулай шароит эмас, балки бир-бирини тушунадиган, қўллаб-қувватлайдиган, биргаликда қарор қабул қиладиган ва келажак учун масъулиятни ҳис қиладиган оиладир.
Айниқса, оилавий ажримларнинг олдини олиш масаласида тинчлик ва тотувликни асраш, бор неъматларга шукр қилиш, оила қадрини англаш муҳим маънавий омилдир. Ҳар қандай келишмовчиликни ажрим билан ҳал этишдан олдин, биргаликда қурилган оила, фарзандлар тақдири, йиллар давомида шаклланган меҳр ва ишонч ҳақида ўйлаш, муаммони мулоқот ва муроса орқали ҳал этиш маданиятини шакллантириш зарур.
Фарзанд тарбиясида ҳам оиладаги муҳитнинг таъсири беқиёс. Ота-она бир-бирига ҳурмат билан муносабатда бўлса, фарзанд ҳам ҳурматни ўрганади. Хонадонда тинчлик ва шукроналик ҳукм сурса, фарзанд ҳаётнинг қадрини, оила ва улуғ неъматларни англаб улғаяди. Демак, фарзанд тарбияси, аввало, ота-онанинг шахсий намунасидан бошланади.
Бугун биз эришаётган тинчлик, осойишталик, фаровонлик ва яратилаётган имкониятларни қадрлашимиз, уларга шукр қилиб яшашимиз керак. Зеро, шукроналик бор жойда қаноат, меҳр ва барака, ўзаро ҳурмат бор жойда тотувлик ва ишонч, тинчлик бор жойда эса тараққиёт ва фаровонлик бўлади. Энг муҳими, ҳар бир оила ўз бахти ва тинчлиги учун масъулиятни ҳис қилиши лозим.
Бугунги имкониятларимизни қадрлаб, оила тинчлиги ва тотувлигини асраш, фарзандларимизга соғлом маънавий муҳит яратиш, миллий ва оилавий қадриятларимизни авлоддан-авлодга етказиш барчамизнинг умумий масъулиятимиздир.
Нигорахон Қашқабоева,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Андижон вилояти бўлими раҳбари.