Оила бахти — миллат саодати
Юртимиздаги янгиланиш жараёнларида оилаларни фаол қўллаб-қувватлаш, аёл-қизларни ўйлантираётган муаммоларни тезкорлик билан бартараф этиш, ёшларнинг оила олдидаги масъулиятини тобора кучайтиришга устувор аҳамият қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан оилалар манфаатларини таъминлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жойларда аёлларни ўйлантираётган масалалар таҳлилига жиддий эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова бу ҳақда қуйидаги фикрларни билдирди:
– Ҳар йили 15 май санасида дунё аҳли Халқаро оила кунини нишонлайди. Бизнинг юртимизда эса бу таомил ҳар қачонгидан кўра кенг қамровли шаклда — “Оиламиз — келажагимиз” ойлиги билан янада теран мазмун касб этади.
Қадриятларимизни безайдиган анъаналар бор — дастурхон атрофида айтиладиган дуолар, нуронийларимизнинг бебаҳо ўгитлари, болаларнинг беғубор кулгилари, келинларнинг тавозе билан салом беришларию, нон ҳиди, ўсмаю райҳон ифори таралиб турадиган ораста ҳовлилар — буларнинг барчаси бир қарашда оддий манзарадек туюлади. Аммо аслида айнан шу оддийлик ичида миллатнинг энг катта маънавий хазинаси, жамиятнинг энг мустаҳкам таянчи мужассам.
Халқимиз “Оила тинч — юрт тинч”, деб бежиз айтмаган. Бу ҳикматда авлоддан авлодларга ўтиб келаётган ҳаётий тажриба, донишмандлик бор. Оилада меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва масъулият устувор бўлса, жамиятда ишонч муҳити мустаҳкамланади. Аксинча, бир хонадондаги носоғлом муҳит бола тарбиясига, маҳалла кайфиятига, ижтимоий муносабатларга ва энг муҳими, эртанги кунга таъсир кўрсатади.
Шу боис, Янги Ўзбекистонда оила институтини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлантирилган стратегик вазифадир. Тарихдан маълумки, оилалари мустаҳкам халқ буюк, ҳамиша бахтиёрдир. Шу ҳаётий ҳақиқатдан келиб чиқиб, оилаларни қўллаб-қувватлаш, қадриятларни мустаҳкамлашга оид кўплаб дастур ва лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ёш оилалар уй-жой сотиб олиш учун субсидиялар, ижтимоий ёрдамлар ва турли имтиёзлардан самарали фойдаланмоқда. Янгиланган Конституциямизда мустаҳкамланган оила дахлсизлиги тамойили, соҳада қабул қилинаётган қонунлар, Президентимиз фармон ва қарорлари ҳамда “Ўзбекистон — 2030” стратегияси бу борадаги ислоҳотларнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдеворини яратмоқда.
Шу маънода, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли мажлис баёни асосида эълон қилинган “Оиламиз — келажагимиз” ойлиги ҳам айни мазкур тизимли ёндашувнинг яна бир муҳим ҳалқаси сифатида намоён бўлмоқда. Мазкур ойликда белгиланган тадбирлар Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, тегишли вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар, жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида комплекс тарзда татбиқ этилиб, ҳар бир хонадонга файз, ҳар бир оилага барқарорлик, ҳар бир инсонга муносиб ҳаёт улашиш — ягона стратегик мақсадга йўналтирилмоқда.
Юртимиздаги 10 миллиондан зиёд оила — бу 10 миллиондан зиёд тарбия маскани, келажак эгалари вояга етаётган улкан мактаб. Ҳудудларда ўтказилаётган “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи” кўрик-танловига иштиёқ билан иштирок этаётгани, йил сайин иштирокчи оилаларнинг сони ортаётгани аҳоли ўртасида ибратли оила бўлиш ҳар бир хонадоннинг орзуси ва мақсадига айланганини яққол кўрсатмоқда. Танловда қатнашаётган оилалар китобхонлик, ҳунармандчилик, тадбиркорлик, тиббий маданият, томорқачилик ҳамда фарзанд тарбиясида намуна кўрсатганлари учун эътирофга сазовор бўлмоқда.
Мазкур ойда «Ибратли оила» кўкрак нишонларини топшириш эзгу анъанага айланиб улгурди. Ўтган йили ушбу мукофотга 2 мингта файзли хонадон сазовор бўлган бўлса, жорий 2026 йилда яна 2 мингта оила бу шарафли унвонга муяссар бўлмоқда. Хонадонлар эшигини безаб турган бу нишонга кўзи тушган ҳар қандай инсон кўнглидан ўз оиласи ҳам бу шарафга муносиб бўлиши учун ҳаракат қилишдек эзгу ният кечади.
Оилани оила қилиб турган куч албатта, аёлдир. Шу маънода жорий йилда 351 нафар фидоий аёл “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланди. Таълим даргоҳларида, шифохоналарда, илмий лабораторияларда, маданият муассасаларида, овул-у қишлоқларда меҳнат қилаётган бу опа-сингилларимиз ўз касбий маҳорати билангина эмас, оилавий ҳаётларидаги фидойилиги, фарзандларига берган тарбияси билан ҳам элга манзур бўлмоқда.
Эндигина оила деган муқаддас қўрғон бунёд этишни мақсад қилган ёшларимиз учун ташкил этилаётган “Энг намунали ёш оила” танлови ёш оилаларни ҳам моддий, ҳам маънавий рағбатлантириш механизми бўлиб хизмат қилади. Худди шу нияту мақсад билан “Янги Ўзбекистоннинг ибратли ҳарбий оилалари” кўрик-танлови орқали Ватан ҳимоячилари оилаларидаги садоқат, сабр-матонат ва бирдамлик намуналари кенг жамоатчиликка етказилмоқда.
Ойлик доирасида Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорликда “Янги Ўзбекистонда фаровон оила модели: миллий тажриба, илмий таҳлил ва инновацион ёндашувлар” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилмоқда.
Назарий изланишлар амалда акс этиши учун “Фаровон оила” дастури ишлаб чиқилди. Бу дастур оила аъзоларининг маънавий-ахлоқий фаровонлигини таъминлаш, иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлашга йўналтирилган концептуал ҳужжатдир. Унда масъулиятли ота-оналик, репродуктив саломатлик, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш каби устувор йўналишлар белгиланган. Дастур БМТнинг тегишли конвенциялари, Барқарор ривожланиш мақсадлари ва халқаро меҳнат стандартлари билан ҳамоҳанг. Бу эса юртимизда оила иснтитутини мустаҳкамлаш сиёсати жаҳон андозалари даражасида олиб борилаётганидан далолат.
Яна бир эзгу ташаббуслардан бири: “Саодатли оилалар сайли”да уч авлод вакиллари бирга яшаётган хонадонлар, кексалик зийнатини сақлаб, келин-куёвларга ўгит бераётган нуронийлар, ёш оилалар ҳамда маҳалла фаоллари бир дастурхон атрофида тўпланиб, оилавий тотувлик, сабр-қаноат, келин-қайнона муносабатлари каби мавзуларда самимий мулоқот қуришади.
Тарбиявий тадбирлар тармоғи кенг. “Оила — муқаддас қўрғон”, “Оилавий анъаналар — маънавий мерос”, “Ота ва она — оила таянчи”, “Фарзанд тарбияси — келажак пойдевори” каби мавзулардаги давра суҳбатлари, маънавий-маърифий учрашувлар ҳудудларда мунтазам ўтказилмоқда.
Маънавий камолот китобдан, мутолаадан бошланади. “Китобхон оналар куни” лойиҳасида ташкил этилаётган адабий учрашувлар, оилавий мутолаа кечалари инсон қалбини бойитади, тафаккурини кенгайтиради. Оилада китобхонлик муҳитининг ҳукм суриши учун хизмат қилади.
Шу кунларда мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган “Аёллар спорт олимпиадаси”, оилавий югуришлар, шахмат, шашка, стол тенниси ва бошқа мусобақалар юзлаб, минглаб хотин-қизларни бирлаштирди. Хотин-қизларни жисмоний фаолликка жалб этиш соғлом турмуш тарзини тарғиб этишнинг бирламчи омили сифатида қаралмоқда.
Яна бир муҳим масала — оилада отанинг тарбиядаги иштироки. Замонавий оилада ота фақат боқувчи, она эса фақат тарбиячи деган бир ёқлама қараш етарли эмас. Фарзанд тарбиясида ота ҳам, она ҳам фаол ва масъул бўлиши керак. Бола отанинг меҳнатини, онанинг меҳрини, улар ўртасидаги ҳурматни, биргаликда қарор қабул қилиш маданиятини кўриб улғайса, келажакда ўзи ҳам соғлом оила қуришга тайёр бўлади. Ўзгармас қоидаларнинг энг содда йиғиндиси — шу.
Мана шу каби ҳаётий эҳтиёжлар, замонавий чақириқлар ва амалий тажрибалар оила сиёсатида янада тизимли, узоқ муддатли ва илмий асосланган ёндашувни тақозо этади. Шу маънода, 2026-2036 йилларга мўлжалланган “Фаровон оила” концепцияси лойиҳасининг ишлаб чиқилиши мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш борасида янги босқич бошланаётганини кўрсатади. Бу ҳужжат оилани фақат ижтимоий ҳимоя объекти сифатида эмас, балки жамиятнинг маънавий, иқтисодий, демографик ва маданий барқарорлигини таъминловчи мустақил ижтимоий институт сифатида эътироф этади.
Концепцияда оила қонунчилигини такомиллаштириш, оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, масъулиятли ота-оналикни қарор топтириш, репродуктив ва психоэмоционал саломатликни мустаҳкамлаш, болалар учун хавфсиз ва ривожлантирувчи муҳит яратиш каби устувор вазифалар қамраб олинган. Энг муҳими, бу ёндашув оилавий муаммоларга фақат оқибат юз берганидан кейин эмас, балки уларни барвақт аниқлаш ва олдини олиш орқали жавоб беришни назарда тутади.
“Фаровон оила” тушунчаси фақат моддий таъминланганлик билан чекланмайди. У ҳар бир оила аъзосининг қадр-қиммати, хавфсизлиги, ривожланиш имконияти, ўзаро ҳурмат, ишонч, биргаликдаги масъулият ва ғамхўрлик асосида қурилган муносабатлар тизимини англатади. Бу миллий қадриятларни замонавий ижтимоий эҳтиёжлар билан уйғунлаштириш, оилани “сақлаб қолиш” тушунчасини унинг аъзолари бахти, саломатлиги ва хавфсизлиги билан боғлиқ ҳолда талқин этиш демакдир.
Бошқача айтганда, “Фаровон оила” модели муаммосиз идеал оилани эмас, балки ҳаёт синовларига бардош бера оладиган, қийинчиликларни енгиш учун билим, кўникма, ички ресурс ва ташқи қўллаб-қувватловга эга бўлган оилани назарда тутади. Давлат бу жараёнда оила ўрнини босмайди, балки унинг мустақил қарор қабул қилиши, қадриятларини асраши, фарзандларини соғлом ва маърифатли қилиб тарбиялаши учун зарур шароит яратади. Оилалар фаровонлигини оширишга хизмат қилувчи “Даромадли аёл” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Бугунги ҳар бир ислоҳотнинг марказида инсон ва унинг қадри турибди. Инсон эса оилада туғилади, оилада улғаяди, оилада шахс бўлиб камол топади. Демак, оила бахти — миллат бахти. Бу бахтни асраб-авайлаб келгуси авлодларга безавол етказиш энг катта масъулиятдир.
ЎзА мухбири Н.Усмонова ёзиб олди.