Ҳар бир маҳалла янгича ёндашувда ўзгармоқда
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 23 сентябрдаги “Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида”ги фармони аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш дастурларининг самарадорлигини оширишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Хусусан, Сурхондарё вилоятида танлаб олинган энг оғир аҳволдаги маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш бўйича дастур доирасида ишсизлик ва камбағаллик бирин-кетин қисқартирилмоқда. Маҳаллаларда томорқа ерларнинг суғориш тизими яхшиланди.

Барқарор электр энергияси ва интернет тармоғи билан таъминланди. “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, ҳар бир хонадон, кўча ва инфратузилма объектлари хатловдан ўтказилди.
Мазкур ишларни белгиланган муддатларда сифатли амалга ошириш учун маҳаллаларга мутасаддилар бириктирилиб, доимий назорат ишлари олиб борилмоқда.

Шунга кўра, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Термиз шаҳридаги Боғишамол маҳалласида бўлиб, ҳудуддаги янгиланиш жараёнлари ва “Термиз Фаровон Сервис” бошқарув сервис компанияси фаолияти билан танишди. Ташриф давомида маҳаллада аҳоли учун яратилган қулайликлар ва инфратузилма ҳолати атрофлича таҳлил қилинди.
Ҳозирда мазкур маҳалла қиёфаси тубдан ўзгариб, замонавий шаҳарсозлик талабларига мос ҳолатга келтирилган. Хусусан, кўп қаватли уйларнинг ташқи фасад қисми замонавий ранглар билан янгиланиб, ҳудудга ўзгача кўриниш бағишлади. Шу билан бирга, янги пиёдалар йўлаклари, автотураргоҳлар ва болалар майдончалари барпо этилиб, маҳалла кўрки янада ошди.

Қайд этилганидек, маҳаллада хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети қошидаги “Термиз Фаровон Сервис” компанияси томонидан инновацион бошқарув тизими йўлга қўйилган.
— Боғишамол маҳалласидаги бугунги ижобий ўзгаришлар нафақат ҳудуд инфратузилмасини янгилаш, балки аҳолига сервис хизмати кўрсатишда илмий ёндашув ва замонавий муҳандислик ечимларини жорий этишнинг амалий натижасидир, – деди университет Ахборот хизмати раҳбари Заҳириддин Тўраев. – Университет ва маҳалла ҳамкорлигининг бундай ноёб модели аҳоли учун сифатли яшаш муҳитини яратиш билан бирга, соҳа учун юқори малакали, замонавий кадрлар тайёрлашда ҳам муҳим амалий платформа бўлиб хизмат қилади.

Хавфсизликни таъминлаш мақсадида “Рақамли маҳалла” лойиҳаси доирасида уйларга Face-ID тизими ва замонавий видеокузатув камералари ўрнатилди. Экологик муҳитни яхшилаш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилиб, “Яшил макон” лойиҳаси доирасида аҳоли билан ҳамжиҳатликда турли мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.

Маҳалла аҳлининг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун нақшинкор шийпончалар ва ўриндиқлар тўлиқ таъмирланиб, намунали ҳолатга келтирилган.
Вилоят раҳбари аҳоли билан бевосита мулоқот ўтказиб, яратилган шароитларни юқори баҳолади ҳамда ушбу тажрибани шаҳар ва вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам кенг жорий этиш бўйича кўрсатмалар берди.
Г.Бобоева, ЎзА