Оила аъзоларини “прописка”га қўйиш осонлашади
Фуқароларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тартибини соддалаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси мажлисида иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси билан оила аъзолари ва яқин қариндошлари турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказишда уй-жой майдонининг ижтимоий нормасини қўллаш билан боғлиқ чекловлар бекор қилинмоқда. Яъни, эр-хотин, ота-она ва фарзандлар, бува-буви ва неваралар, шунингдек, ака-ука ва опа-сингиллар бир-бирининг уй-жойига рўйхатдан ўтаётганда хонадон майдони белгиланган меъёрдан кам бўлса ҳам, бу ҳолат рўйхатдан ўтишга тўсқинлик қилмайди.
Шунингдек, лойиҳада олий таълим муассасаларида талабаларни рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ мавжуд амалий муаммоларни бартараф этиш масалалари ҳам акс этмоқда.
Маълумотларга кўра, 2025-2026 йилги ўқув йили бошида 202 та олий таълим муассасасига 741 минг 483 та талаба кундузги таълим шаклида таҳсил олмоқда. Уларнинг 441 минг нафари ўз уйи ёки яқин қариндошиникида яшайди. 102 мингтаси талабалар турар жойларида, 44 мингдан ортиғи давлат-хусусий шериклик асосида қурилган ётоқхоналарда туради.
Шу билан бирга, 152 мингдан ортиқ талаба ижара хонадонларида истиқомат қилади. Эндиликда ижарада турувчи талабаларни рўйхатдан ўтказишда уй-жой майдонининг ижтимоий нормаси қўлланилмаслиги белгиланмоқда. Шунингдек, талабалар турар жойларида истиқомат қилаётган талабаларга нисбатан ҳам алоҳида ҳуқуқий механизм жорий этилади.
Сир эмас, бугунги кунда ипотека кредити ёки субсидия асосида уй сотиб олган кўплаб фуқаролар ўз уйида рўйхатдан ўтишда қийинчиликка дуч келмоқда. Эндиликда тақиқ ёки хатлаб қўйилган турар жойда яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш учун гаровга олувчининг, тақиқ ва хатлаб қўйишга ёки уни олиб ташлашга ваколатли органнинг розилигини олиш талаб этилмайди. Бу норма, аввало, уй-жой мулкдори ва унинг оила аъзоларининг ўз уйида қонуний рўйхатдан ўтишига имконият яратади.
Айни вақтда гаровга олувчи ва давлат органларининг қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида рўйхатдан ўтказилаётган шахснинг олдиндан ёзма розилиги институти жорий этилмоқда. Ушбу механизмга кўра, гаровга олувчи ёки тақиқ (хатлов) қўйган ваколатли органнинг мурожаатига асосан унинг рўйхатдан ўтказилганлиги бекор қилиниши мумкин бўлади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА