“Оила аъзоларим ҳамиша, ҳар ишда менга ишонч билдирган”
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг илм олиши, меҳнат қилиши, жамият ҳаётида фаол иштироки, ҳуқуқлари таъминланиши бўйича олиб борилаётган ишлар янгича мазмун касб этмоқда.
Ҳар йил 11 октябрда бутун дунё бўйлаб Қизлар куни кенг нишонланади. БМТ Бош Ассамблеясининг 2011 йил 19 декабрдаги резолюциясига асосан 11 октябрь – “Халқаро қизлар куни” (International day of the Girl Child) деб эълон қилинган.
Мазкур сана муносабати билан дунёнинг “ТОП-100” талик рейтингидан жой олган Буюк Британиянинг Глазго университети магистратурасида таҳсил олаётган ватандошимиз Мухлиса Мамажонова билан телефон орқали суҳбатлашдик.
– Дунёга келишим ота-онам учун катта қувонч бўлган, – дейди Мухлиса. – Таълим олишим, мақсадларимга эришишим ва ҳатто хорижга ўқишга кетишимга ҳам ҳеч қачон чекловлар бўлмаган. Демоқчиманки, оила аъзоларим ҳамиша, ҳар ишда менга ишонч билдирган. Уларнинг ўзлари ҳам олий маълумотли инсонлар. Биз фарзандларининг ўқиб, қизиқарли машғулотлар билан шуғулланишимиз учун барча имкониятларни яратиб берган.

Фарзанд тарбияси, оила фаровонлиги ҳамда миллатнинг таянчида аёлнинг ўрни бекиёс. Айниқса, аёл ўқимишли бўлса, илмли келажак тарбияланишидан дарак. Ахир, битта ўғил боланинг таълим олгани битта оиланинг фаровонлигига ҳисса қўшса, битта қизнинг ўқигани бутун жамиятнинг юксалишига хизмат қилади. Келажак авлод, яъни фарзанд тарбиялашда она ҳам отадек катта масъулиятни ўз зиммасига олади.
Бир нарсага кўп гувоҳ бўламан: дунё мамлакатларида талабаларнинг катта қисми қизлардан иборат. Европадаги компанияларда хотин-қизларнинг ўрни бошқача. Ўқимишли аёл иқтисодий қарамликка учрамайди. Ўзбекистонда ҳам хотин-қизларнинг билим олиши, фаолият юритиши учун катта қулайликлар берилган. Хориждаги кўпчилик дўстларим мамлакатимиздаги ёшларга берилган имкониятларни эшитиб, ҳайратга тушади. Ҳа, бугунги ривожланган даврда биз ёшларга қаратилган эътибор бениҳоя чексиздир. Ҳар бир ёш авлод ўқиши, изланиши ва билим олиши учун барча имкониятлар яратиб қўйилган.
Айнан ўзим ҳам шу имкониятлар ва эътибор сабаб қувонарли натижаларга эришдим. Хусусан, 2018 йилда “Oxford Brookers”нинг “International school of finance and technology” нодавлат таълим муассасасида билимимни оширдим. Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида таълим олдим. “Республика лидер қизлар” фестивали ғолиби ва “Қизлар овози” III Pеспублика форуми иштирокчисига айландим.
Кейинги тўрт йил давомида АҚШ, Буюк Британия, Испания, Ҳиндистон, Россия, Украина, Польша каби йигирмадан ортиқ давлат томонидан ўтказилган турли халқаро илмий-амалий конференция ва танловларда иштирок этиб, қирққа яқин халқаро сертификат ва диплом олдим.
2021 йил “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги” кўкрак нишони билан тақдирландим. 2022-2023 ўқув йили учун Навоий номидаги давлат стипендияси соҳибаси бўлишга муваффақ бўлдим. “Капалакжон, капалак” номли шеърий тўпламим чоп этилди. Инглиз тили бўйича тест натижаси – IELTS баҳолаш мезонида 6,5 балл кўрсаткичга эга бўлдим, халқаро TESOL/TEFL сертификатини қўлга киритдим. 2022 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофотини олдим. “Эл-юрт умиди” жамғармасининг стипендияси ғолибига айландим. Айни дамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзосиман.
Узоқда бўлсамда, ҳар дақиқада ота-онамнинг меҳрини ҳис этиб тураман. Фурсатдан фойдаланиб, мақсадларимга эришишимда умрини, беқиёс хизматларини бағишлаган ота-онамга, менга ишонч билдирган давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдираман.
Муҳайё Тошқораева ёзиб олди.
ЎзА