Қоида бузган ҳайдовчи кечирилмайди
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг анжуманлар залида “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимида амалга оширилаётган чора-тадбирлар” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг анжуманлар залида “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимида амалга оширилаётган чора-тадбирлар” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.
Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ва унинг ҳудудий идоралари томонидан 2019 йилнинг 9 ойида жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида бир қатор амалий тадбирлар амалга оширилди.
Тадбирда республика ҳудудида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, ҳайдовчилик маданиятини юксалтиришга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан маълумот берилди.
Таъкидланишича, Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ва унинг ҳудудий идоралари томонидан 2019 йилнинг 9 ойи давомида жами 4 миллион 607 минг 34 йўл ҳаракати қоидабузарлиги, жумладан, 2 миллион 55 минг 254 қўпол қоидабузарлик, 25 минг 120 нафар маст ҳайдовчи, 252 минг 72 нафар қоидабузар пиёдалар аниқланди.
Бу даврда 19 минг 436 транспорт воситасини бошқариш вақтида уяли телефондан фойдаланиш, 628 та монитордан фойдаланиш ёки ўзбошимчалик билан ўрнатиш, 411 минг 79 транспорт воситасини суғурта полисиз бошқариш қоидабузарликлари аниқланди.
Шунингдек, 18 минг 422 ҳуқуқбузарга нисбатан расмийлаштирилган маъмурий ҳужжатлар тегишли чоралар кўриш учун суд идораларига юборилиб, уларнинг 8 минг 492 нафари (46,1 фоизи) транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган.
Шу жумладан, 12 минг 778 транспорт воситасини маст ҳолда бошқарган ҳайдовчига нисбатан расмийлаштирилган маъмурий ҳужжатлар суд идораларига юборилиб, уларнинг 8639 нафари (67,6 фоиз) транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилди ҳамда 795 нафарига маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, бу каби қоидабузарликларга қарши кураш самарадорлигини ошириш мақсадида 2018 йил декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Олий суди ва Бош прокуратураси ўзининг “Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг маст ҳолатда эканлигини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қўшма қарори имзоланган.
Ушбу қарорга мувофиқ текширув ишлари алкотестер мосламаси ёрдамида амалга оширилмоқда. Алкотестер – бу ҳайдовчи томонидан ҳавога чиқарилган этанол буғларини аниқловчи ва текширув натижаларини қоғозда акс эттирувчи махсус техник воситадир. Текширув чоғида ҳайдовчи томонидан ҳавога чиқарилган этанол буғлари концентрацияси кўрсаткичи 0,135 миллиграмм ва ундан юқори бўлган ҳолларда ДЙҲХ хизмати ходими томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 131-моддасига мувофиқ маъмурий баённома расмийлаштирилади ҳамда транспорт воситаси вақтинчалик жарима майдонига қўйилади.
ЙҲХ хизмати ходимлари томонидан 4212 маротаба корхоналарда транспорт воситаларининг техник ҳолати йўналишга чиқаётганда текширувдан ўтказилди. Бунда 35869 та транспорт воситалари текширилиб, улардан 2571 таси техник носоз деб топилди ва 3065 та ҳайдовчига ва 588 та мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилди.
Умумфойдаланишда бўлган автомобил йўлларини, темир йўл кесишмаларини, сунъий иншоотларни ва ички хўжалик йўлларини сақлаш, транспорт воситалари ва пиёдаларнинг ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, автомобил йўллари ва шаҳар кўчаларида 16070 та йўл белгилари ўрнатилди, 251 минг 36 та эскирган йўл белгилари янгисига алмаштирилди.
2019 йил 9 ойда қоидабузарликларга нисбатан кўрилаётган чораларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида жами 3 минг 407 та сайёр суд мажлислари ташкил этилди.
2019 йилнинг ўтган 9 ойи давомида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида умумий йўл-транспорт ҳодисаларини 16,5 фоизга (6236 тадан 5207 тага), уларда ҳалок бўлганлар сони 13,1 фоизга (1607 нафардан 1396 нафарга), жароҳатланганлар сони 17,8 фоизга (5864 нафардан 4821 нафарга) камайишига эришилди.
Шунингдек, болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари сони 10,7 фоизга (981 тадан 876 тага), ҳайдовчилар айби билан содир этилган ЙТҲлари 18,4 фоизга (5594 тадан 4567 тага), маст ҳолдаги ҳайдовчилар айби билан содир этилган ЙТҲлари 32,6 фоизга (135 тадан 91 тага), пиёдалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари 23,6 фоизга (3332 тадан 2544 тага) камайди.