Оҳангаронда йирик саноат лойиҳаси ишга тушди
Оҳангаронда йирик “Enco Group” қўшма корхонаси ишга туширилди. Бу ҳудуд саноат салоҳиятини янги босқичга кўтариб, юзлаб иш ўринлари ва улкан инвестициялар билан иқтисодиётга янги қувватлар олиб киради.
Тошкент вилояти Оҳангарон туманида “Enco Group” қўшма корхонасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Оҳангарон тумани ҳокими Баҳром Норқобилов ҳамда Беларусь Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Александр Огородников иштирок этиб, корхонада яратилган шароитлар ва замонавий ишлаб чиқариш қувватлари билан танишди. Мазкур лойиҳа тўғридан- тўғри хорижий маблағлар ҳисобидан амалга оширилиб, унга 57,5 миллион АҚШ доллари йўналтирилди. Корхона туманнинг Тут маҳалласида 21 гектар майдонда барпо этилди.
Замонавий технологиялар асосида ташкил этилган саноат мажмуаси 485 нафар фуқарони доимий иш билан таъминлайди. Бу эса аҳоли бандлигини ошириш ва ҳудуд иқтисодиёти ривожига хизмат қилади. Бу ерда йилига 24 минг тонна юқори кучланишли кабель маҳсулотлари, мис трубкалари ҳамда изоляцияланган мис шиналари ишлаб чиқарилади. Мазкур маҳсулотлар саноат, энергетика ва қурилиш тармоқларида кенг қўлланилади.

Муҳими, “Enco Group” келгусида ички бозор талабини қондириш билан бир қаторда экспорт ҳажмини кенгайтириб, халқаро бозорларда ҳам ўз ўрнини мустаҳкамлашни мақсад қилган. Замонавий технологиялар ва юқори сифат стандартлари корхонанинг рақобатбардошлигини таъминлайди.
А.Мусаев, ЎзА