Оҳангарон туманида чорвачилик тармоқлари ривожланмоқда
Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги “Дўстлик йўли боғи Эрам” фермер хўжалигида ҳудудда фаолият юритаётган қорамол ва қўйчиликка ихтисослашган фермерлар, тадбиркорлар учун семинар ўтказилди.
Унда туман ҳокими Абдурасул Абдуллаев, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Баҳром Норқобилов, “Ўзчорванасл” агентлиги директори Бахтиёр Атамурадов иштирок этди.
Чорвачилик соҳасида қорамолчилик ва қўйчилик етакчи тармоқлар ҳисобланади. Шу туфайли ҳудудларда ушбу тармоқни янада илмий асосда ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Бунинг учун чорвани меъёр даражада парваришлаш, тўла қийматли озиқлантириш ҳамда наслчилик ишларини янада яхшилаш долзарб вазифалардан биридир.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, қўйларни фермер хўжаликлар, йирик комплексларда сақлаш учун соғлиғининг яроқли, маҳсулдорлик хусусиятларининг юқори, касалликларга чидамли бўлишига эришиш муҳим ҳисобланади.
Семинарда чорва наслчилигини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунда туманда фаолият олиб бораётган “Холтўраев Ойбек ХМ” фермер хўжалиги томонидан Россия давлатининг Ставрополь ўлкасидан олиб келинган Меринос зотли қўйни кўпайтириш юзасидан ўзига хос мастер класс ўтказилди. Вилоят фермерлари ушбу йўналишда ўзаро тажриба алмашди. Хусусан, Меринос қўй зотларининг асосий афзаллиги кўп бўлиб, юқори сифатли жун ва шу билан бирга, гўшт маҳсулдорлигига эга. Қўчқорнинг вазни тахминан 100 килограмм, қўй 80 килограммни ташкил қилади. Ушбу турдаги барча насллар орасида энг яхши кўрсаткичлардан ҳисобланади.
Маълумотларга кўра, туманда 2021-2022 йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасида умумий қиймати 1 триллион 161 миллиард сўм бўлган 160 та лойиҳа амалга оширилади. Хусусан, чорвачилик йўналишида 936,9 миллиард сўмлик юзта лойиҳа ишга туширилиб, бунинг натижасида 2 минг 486 нафар аҳоли бандлиги таъминланади.
А.Мусаев, ЎзА