Оғуфурушлар гуруҳи фош бўлди
Гиёҳвандлик аср вабосига айланди. Дунё манзарасига бир назар ташласангиз героин, кокаин йилига тахминан 200 минг кишининг ёстиғини қуритмоқда. Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш йўлига тўғоноқ бўлаётир. Минглаб гўдаклар ногирон бўлиб дунёга келмоқда. Улар умрбод азият чекишга, ҳаёт завқидан бебаҳра яшашга маҳкум. Энг ачинарлиси гиёҳвандлик миллат генофондига жиддий таҳдид солмоқда.
Мамлакатимизда ҳам бу иллатга қарши муросасиз кураш олиб борилмоқда. Бироқ, шунга қарамай, ҳануз бу оғуни одамлар орасида тарқатиш, сотиш орқали даромад олишга ҳаракат қилаётганлар бор.
Бухоро вилояти ички ишлар органлари ходимларининг саъй-ҳаракатлари билан яна бир оғуфурушлар занжири узилди. Жорий йилнинг 25 январь куни вилоят Ички ишлар бошқармаси Жиноят қидирув бошқармаси ходимлари томонидан Бухоро тумани ҳудудида тезкор тадбир ўтказилди. Натижада 1971 йил Бухоро туманида туғилган, оилали, 3 нафар фарзанди бор, муқаддам айнан гиёҳванд моддаларни сақлаш ва ўтказиш билан боғлиқ жиноятлари учун судланган, Бухоро тумани “Хонабод” маҳалласида яшовчи шахс харидор сифатида борган танишига 1.500.000 сўм эвазига икки дона “Спички” ёзувли гугурт қутига жойланган, Эксперт криминалистика марказининг судга оид кимёвий экспертиза хулосасига кўра соф вазни 9,57 граммга тенг бўлган “Марихуана” гиёҳвандлик моддасини сотаётган вақтида қўлга олинди.
Мазкур фуқаронинг ёнлари холислар иштирокида кўздан кечирилганда курткасининг олд чўнтагидан қоғоз бўлагига ўралган ҳолдаги 1,42 граммга тенг бўлган “Марихуана” гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланди.
Ушбу фуқаро иштирокида олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари жараёнида аниқланишича, у танишига 1.500.000 сўм эвазига сотган “Марихуана” гиёҳвандлик моддасини Бухоро тумани “Хонабод” маҳалласида яшовчи, бошқа бир шахсдан 1.000.000 сўм эвазига сотиб олганлиги аниқланган.
Фуқаронинг берган кўрсатмаси асосида Бухоро тумани “Хонабод” маҳалласида яшовчи, 1975 йилда туғилган гумонланувчи ички ишлар органлари биносига олиб келиниб, ёнлари холислар иштирокида кўздан кечирилганда, курткасининг ўнг чўнтагидан бир дона “Спички” ёзувли гугурт қутига жойланган соф вазни 6,78 граммга тенг бўлган “Марихуана” гиёҳвандлик моддасини сақлаб келаётганлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди.
Бундан ташқари, ушбу шахснинг яшаш хонадонида тинтув тергов ҳаракати ўтказилганда 7 дона “Спички” ёзувли гугурт қутига жойланган умумий вазни 49,46 граммга тенг бўлган “Марихуана” гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланган. Олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасида 2023 йил 25 январь куни гумонланувчи шахс назорат тариқасида олинган “Спички” ёзувли гугурт қутига солинган марихуана гиёҳвандлик моддасини таниши Бухоро шаҳар Пиридастгир кўчасида яшовчи 1963 йилда туғилган аёлдан олганлиги тўғрисида кўрсатма берган.
Жорий йилнинг 26 январь куни ушбу аёлнинг яшаш хонадонидан оқ яшил қоғоз бўлагига ўралган ўткир ҳидли, яшил рангли умумий вазни 11.08 граммга тенг бўлган “Марихуана” гиёҳвандлик моддаси топилган ва тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.
Суриштирув ишлари натижасида аёл ушбу “Марихуана” гиёҳвандлик моддасини бошқа бир таниши 1980 йилда Вобкент тумани Работиболо кўчасида яшовчи шахсдан олганлиги тўғрисида кўрсатма берган.
Аёлнинг кўрсатмасига асосан тезкор тадбир давом эттирилиб, назорат тариқасида вобкентлик эркакдан 10 қути марихуана гиёҳвандлик моддаси сотиб олиш нияти билдирилганда, эркак шу куни соат 15:00 да аёлнинг уйига 6 дона “Спички” ёзувли гугурт қутиларга солинган “Марихуана” гиёҳвандлик моддасини олиб келган вақтда ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинган. Умумий вазни 51.67 грамм оғирликда бўлган “Марихуана” гиёҳвандлик моддаси тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.
Олиб борилган кейинги тергов ҳаракатлари давомида вобкентлик шахс мазкур гиёҳвандлик воситаларини ўз хонадонининг ер майдонида экиб, парваришлаб, қуритиб, қадоқлаб сотиш учун тайёрлаганлиги исботланди.
Ички ишлар органлари ходимларининг сергаклиги билан вилоятда ажал оғусини сотиш билан шуғулланиб келаётган бир жиноий гуруҳнинг фаолиятига чек қўйилди. Бу билан ўнлаб, балки юзлаб инсонларнинг ҳаёти сақлаб қолинган, оилаларга путур етишининг олди олинган бўлса ажабмас. Негаки, гиёҳвандлик шахс ва жамият ўртасидаги муносабатни бузади.
Гиёҳвандлик сабаб кишилар қавму қариндошидан, гулдай фарзандларидан, умр йўлдошидан ажралиб қолаётгани, улардан аксар ҳолларда майиб-мажруҳ фарзандлар туғилаётгани айни ҳақиқатдир. Гиёҳванд моддалар ҳаром бўлгач, уни сотиш ҳам, тижорати ҳам, олинган фойдаси ҳам ҳаром ҳисобланади. Бефарқ бўлманг одамлар, атрофингизда шундай ишлар билан шуғулланаётган кимса эртага сизнинг фарзандингизга ҳам чанг солиши мумкин.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири