Ўғрининг борар жойи қамоқхона
Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани “Сарайлик” ва “Яхтанлик” маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи 3 нафар шахс ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўғирликда гумонланиб қўлга олинди.
Жорий йилнинг 1 августга ўтар кечаси Дўстлик тумани “Мевазор” МФЙ дала майдонидан 1 бош қорамол йўқолган. Бу ҳақида шу туманнинг “Саритепа” МФЙда яшовчи, 1973 йилда туғилган жабрланувчи туман ички ишлар бўлимига мурожаат қилган.

Худди шу куннинг ўзида “Саритепа”лик яна бир фуқаронинг дала майдонига боғлаб қўйилган бир бош йирик шохли моли ҳам йўқолганлиги тўғрисида туман ИИБга хабар келиб тушган.
Ушбу ўғирликлар бўйича туман ички ишлар ходимлари томонидан жиноят иши қўзғатилиб, олиб борилган тезкор тадбирлар давомида ўғрилар қўлга олинди. Ҳар икки ўғирликни Шароф Рашидов тумани “Сарайлик” ва “Яхтанлик” МФЙларда яшовчи 3 нафар йигитлар содир этганлиги аниқланди.
Суриштирув давомида, жорий йилнинг май, июнь ва июль ойлари давомида ана шу “Уч оғайни ботирлар” Дўстлик, Зафаробод ва Пахтакор туманларида ҳам 10 га яқин ўғирлик содир этганлигини тан олди.

Ўғирланган молларнинг семизроқлари сўйилиб, ўз маҳаллаларидаги таниш қассобларга арзон нархларда сотилган бўлса, айрим, эти камроқ қорамоллар “Мол бозор”ига олиб чиқиб сотилган ва пуллари тенг бўлиб олинган.
Доно халқимиз, қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқади, деб бежизга айтмаган. Бу “уч паҳлавон”, осон йўл билан пул топиш, бировларнинг мол-мулкини ғаразли ниятда ўзлаштиришдек номақбул ишни амалга ошириб келган. Бу қинғирликлари эса охир оқибат, ички ишлар ходимлари томонидан фош этилди.
“Ҳеч ким кўрмади, ҳеч ким сезмади, ҳеч ким билмади” қабилида иш тутиб, топилган пулларга кайфу сафо қилиб, аҳли оиласига ҳам ҳаром едириб юрганларнинг қўлига – бугун сиртмоқ тушди.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА