Ўғлонлар ҳарбий хизматга йўл олди
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 12 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатини ўтаб бўлган муддатли ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарорига асосан жорий йилнинг март-апрель ойларида ёшларнинг муддатли ҳарбий хизматга чақирилиши белгилаб қўйилган.
Сирдарё вилояти Мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида Сирдарё ёшлари Ватан олдидаги шарафли бурчларини адо этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари сафларига кузатилди. Тантанали тадбирда Тошкент ҳарбий округи қўмондонлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши, Қуролли Кучлар вазирлик ва идоралари ҳудудий раҳбарлари, нуронийлар, ота-оналар ва ёшлар иштирок этди.


Юзлаб ёшлар орасидан саралаб олинган ўғлонлар бир сафда мардона турар экан, уларнинг кўзларида юртга садоқат билан хизмат қилиш истаги порларди.
– Ҳарбий бўлишни болалигимдан орзу қилардим, – дейди Оқолтин туманидаги “Шодлик” МФЙдан ўз йигитлик бурчини ўташга кетаётган Илҳомжон Умматов. – Ҳарбий хизматда барча олдимга қўйилган жанговар топшириқларни ўзлаштириб, ҳарбий-сиёсий билимларни пухта эгаллаб Ватанимга, Президентимга, халқимга садоқат билан хизмат қилишни ўз олдимга мақсад қилганман.


Кексалар, ота-оналарнинг дуолари, ҳарбий оркестрнинг ватанпарварлик куйлари барчага кўтаринки кайфият бағишлади.


Муддатли ҳарбий хизматга чақирилган ёшларни Қуролли Кучлар сафига кузатишга бағишланган тантанали тадбирлар вилоятда босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири