Оғир атлетика: хоразмлик ёш спортчи Ўзбекистон рекордини ўрнатди
Пойтахтимиздаги Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида оғир атлетика бўйича давом этаётган Ўзбекистон кубоги баҳсларининг ортда қолган кунида ёшлар ўртасида Ўзбекистон рекорди ўрнатилди.
Мусобақанинг учинчи кунги баҳсларида спортчилар ғолиблик учун бор маҳоратини ишга солиб, муросасиз беллашувларда куч синашди.
Хусусан, -70 кг. вазн тоифасида Хоразм вилояти вакили Дастонбек Азимбоев даст кўтаришда 127 кг., силтаб кўтаришда 154 кг. натижа қайд этди. Икки кураш якунига кўра, Дастонбек Азимбоев 281 килограмм кўрсаткич қайд этган ҳолда ёшлар ўртасидаги Ўзбекистон рекордини янгилади.

Бугун, 12 сентябрь куни мамлакат кубогининг тўртинчи кунги мусобақалари остонасида ёшлар ўртасида Қарши олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази 4 та олтин ва 2 та кумуш, жами 6 та медаль билан умумжамоа ҳисобида етакчилик қилмоқда.

Катталар ўртасидаги баҳсларда эса Сурхондарё вилояти оғир атлетикачилари 3 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза, жами 5 та медаль билан умумжамоада пешқадамликни давом эттирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон кубоги жорий йил Хитойнинг Нингбо шаҳрида ўтадиган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатига саралаш мусобақаси ҳисобланади.
Баҳслар 15 сентябрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА