"Одил судлов – 2030": ислоҳотлар марказида инсон қадри
Адолат жамият тараққиётининг муҳим таянчи, фуқароларнинг давлатга бўлган ишончи эса ҳуқуқий демократик давлатнинг асосий мезонларидан биридир. Шу маънода, Президентимизнинг 2026 йил 14 августдаги Фармони билан тасдиқланган "Одил судлов – 2030" стратегияси мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янги босқичга олиб чиқиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қиладиган халқчил ҳамда адолатли суд тизимини шакллантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Мазкур ҳужжат билан стратегиянинг ўзи ва уни 2026–2028 йилларда амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастури тасдиқланган. Бу эса белгиланган мақсадларга эришиш аниқ вазифалар, муддатлар ва амалий механизмлар асосида таъминланишини англатади.
Ислоҳотларнинг муҳим мақсадларидан бири суд идораларини аҳолига яқинлаштириш, фуқаролар учун қулай, очиқ ва тушунарли суд хизматларини йўлга қўйишдан иборат. Стратегияга мувофиқ, суд биноларида “ягона дарча” тамойили асосида хизмат кўрсатиш офисларини ташкил этиш назарда тутилган. Бу орқали фуқароларнинг ортиқча вақт ва маблағ сарфлашининг олди олиниб, зарур хизматларни бир жойнинг ўзида олиш имконияти яратилади.
2027–2030 йилларда аҳоли сони, ишлар ҳажми, судьяларнинг иш юкламаси ва ҳудудий хусусиятлардан келиб чиқиб, барча ҳудудларда фуқаролик ишлари бўйича туман ва шаҳар судларини ташкил этиш режалаштирилган. Бундан ташқари, суд амалиётининг бир хиллигини таъминлаш мақсадида “Прецедентлар” реестри жорий этилади, судлар фаолиятининг очиқлиги янада оширилади. Бу фуқаролар ва адвокатларга ўхшаш ҳуқуқий ҳолатлар бўйича суд амалиётини олдиндан ўрганиш, ҳуқуқий позициясини аниқ белгилаш имконини беради. Энг муҳими, суд қарорларининг изчиллиги ва суд тизимига бўлган ишонч мустаҳкамланади.

Стратегияда назарда тутилган муҳим институционал янгиликлардан бири ҳудудлараро судларни ташкил этишдир. Фармонга мувофиқ, 2027 йил 1 июлдан умумий юрисдикция ва маъмурий суд йўналишларида ишларни қайта кўриб чиқиш ваколатига эга, юрисдикция ҳудуди бир нечта маъмурий-ҳудудий бирликларни қамраб оладиган ҳудудлараро судлар ташкил этилади. Уларнинг фаолиятини таъминлаш учун жами 319 та бошқарув ходими штат бирлиги ажратилади. Мазкур янгиликнинг аҳамияти шундаки, бир нечта ҳудудни қамраб олган қайта кўриб чиқиш инстанцияси суд ишларини холис ва мустақил кўриб чиқиш учун қўшимча институционал имконият яратади. Шу билан бирга, турли ҳудудларда суд амалиётининг бир хиллигини таъминлашга хизмат қилади. Натижада судьялар мустақиллигини мустаҳкамлаш, маҳаллий таъсир омилларини камайтириш ва фуқароларнинг ўз иши адолатли кўриб чиқилишига бўлган ишончини ошириш учун замин яратилади.
Бугунги даврда суд тизими самарадорлигини рақамли технологияларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу боис стратегияда суд иш юритувини рақамлаштириш, қоғозбозликни қисқартириш, электрон ҳужжат айланишини кенгайтириш, суд мажлисларини аудиоёзувга олиш ҳамда сунъий интеллект имкониятларидан масъулият билан фойдаланишга алоҳида ўрин берилган.
Жумладан, my.sud.uz портали такомиллаштирилиб, унинг янгиланган мобил иловаси ишга туширилади. Бу фуқароларга суд билан боғлиқ хизматлардан масофадан туриб фойдаланиш, мурожаатларини электрон шаклда юбориш ва зарур маълумотларни олиш имконини янада кенгайтиради. Айни дамда рақамлаштиришнинг асосий мақсади инсон омилини четга суриш эмас, балки фуқаролар учун қулай ва ишончли суд хизматларини яратишдан иборат.
Албатта, ҳар қандай ислоҳотнинг самараси, аввало, уни амалга оширадиган кадрларнинг салоҳияти ва масъулиятига боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, “Адолат посбонлари” йўналишида кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизими — “Pipeline model”ни жорий этиш кўзда тутилгани эътиборга молик. Бу судьялар ва суд ходимларининг касбий маҳорати, ҳуқуқий билими ҳамда юксак ахлоқий фазилатларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Стратегиядаги асосий вазифаларнинг салмоқли қисми 2027–2028 йилларга мўлжалланган. Шу боис уларни амалга оширишга ўз вақтида тайёргарлик кўриш, белгиланган чора-тадбирларни сифатли бажариш ва натижадорликни мунтазам баҳолаб бориш муҳим аҳамият касб этади.
Хулоса қилиб айтганда, “Одил судлов – 2030” стратегияси суд-ҳуқуқ тизимини замон талаблари асосида такомиллаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда суд ҳокимиятининг жамиятдаги нуфузини юксалтиришга қаратилган кенг қамровли дастурдир. Унинг изчил амалга оширилиши судни фуқарога янада яқинлаштириш, судьялар мустақиллигини мустаҳкамлаш, рақамли имкониятлардан самарали фойдаланиш ва қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.
Достон Нуруллаев,
Тошкент вилояти маъмурий суди
судьяси катта ёрдамчиси,
ЎзА