"Одамлар овора бўлмаслиги керак"
Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 21 декабрдаги «Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳамда «Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари доирасида республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, давлат органлари ва ташкилотларининг марказий аппарат, ҳудудий бўлинмаларининг ташкилий тузилмалари қайтадан кўриб чиқилмоқда. Шунингдек, штат бирликлари мақбуллаштирилаётганлиги сабабли Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали (vacancy.argos.uz) орқали эълон қилинган танловларнинг барча жараёнлари вақтинчалик тўхтатиб қўйилган.
Давлат органи ва ташкилотларининг ташкилий тузилмалари ҳамда штат бирликлари қайта тасдиқлангандан сўнг вакант лавозимларга танловлар ўрнатилган тартибда янада такомиллаштирилган vacancy.argos.uz портали орқали эълон қилинади ва давом эттирилади.
Хўш, лавозими тенг жойга ва лавозимидан пастга ишга ўтаётган ходимлар учун яна танлов эълон қилинадими?
Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Ҳасановнинг сўзларига кўра, янги жойдаги тенг лавозимга давлат хизматчиси тавсия қилинаётган бўлса, бу ротация шаклида бўлади ва у танловдан ўтмайди. Адлия вазирлиги ва Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги 1 ой муддатда қайси вазирликда, қайси лавозимлар мажбурий бўлишини белгилаб беради. Қолганлари бўйича вазирликнинг ўзига ваколат белгиланади.
"Тегишли ташкилотлар билан штатлар қайта кўриб чиқилганидан сўнг қаерда очиқ жой қолган бўлса, танловлар эълон қилинади. Одамларни икки марта овора қилмаслигимиз керак. Олдин янги вазир келса, кўпчиликни ишдан бўшатиб, ўзининг жамоасини тузарди. Энди ундай бўлмайди. Қонунда давлат хизматчисига кафолатлар бериб қўйилган. Ҳозирда ички танлов ва ташқи танлов эълон қиляпмиз. Танловдан ким ўтса, ўша ишга киради. Бу жараёнларнинг адолатли бўлишига Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва бошқа ташкилотлар жавоб беради. Янги структуранинг бўш қолган жойларига ишга қабул қилиш очиқ танлов асосида бўлади", дейди Отабек Ҳасанов.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, vacancy.argos.uz порталида танловларни эълон қилиш 15-20 январга қадар тўхтатилган. Жорий йилнинг 9 январидан бошлаб фақатгина маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоли лавозимларининг мавжуд вакант ўринларига очиқ танловлар эълон қилинмоқда.
Муҳайё Тошқораева ёзиб олди, ЎзА