Одамлар ишончи ҳар қандай унвондан аъло
“Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси сафида бугун 16 мингдан зиёд тадбиркор аёллар бор. Уларнинг аксарияти шахсий тадбиркорлигини йўлга қўйган, мўмайгина даромад топаётган, оиласига фойда келтираётган ишбилармон аёллардир.
Аёл тадбиркорлар муаммолари, экспорт масалалари, хомашё, ўзаро муносабатлар, ҳамкорлик ришталари – булар ҳаммаси ассоциациянинг кўмагида ҳал қилинаётган масалалар. “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси раҳбари Гулнора Маҳмудова билан суҳбатимиз ҳам айнан тадбиркор аёллар ҳаётидаги ўзгаришлар, ютуқлар хусусида кечди.
— Инсон бугунги ютуқларини қадрлаши учун баъзида кечаги қийинчиликларни ҳам хотирлаб туриши керак, дейишади. Узоқ йиллардан бери тадбиркор аёлларга раҳбарлик қилиб келяпсиз. Илк фаолиятингизни бошлаган пайтларингиз қандай муаммоларни ечишга муваффақ бўлдингиз?
— 1991 йилда мустақиллик туфайли аёллар тадбиркорлиги ҳаракатига асос солинди. Ўшанда мен ҳам мустақиллик билан улғайдим, у билан бирга тажриба орттирдим, қоқилдим, йиқилдим, ўрнимдан туриб, яна олдинга интилдим, омад қучдим...

Устозларимиз билан бирга кичкинагина ютуқларимиздан қувондик, олдимизга катта мақсадлар қўйдик. Ўй ташвишларимиз ҳам ўшанга яраша бўлди. Юртимиз, ўзимиз, аёлларимиз, жамиятимиз улғайди. Анча йиллар мобайнида Тошкент вилояти тадбиркор аёллар ассоциациясини бошқардим. Биласизми, ўша вақтда бирма-бир ҳар бир туман, қишлоқ, ҳар бир оилага кириб бориб, ишсиз аёллар турмуш тарзи билан яқиндан танишганман. Юзлаб аёллар билан юзма-юз учрашганман. Уйда ўтирган опа-сингилларимиз бирон-бир ишнинг бошини тутиб, бизнесга қўл уришга қўрқишарди, кредит, унинг фоизи нима, бизнес ғояни қандай бошлаш керак, тадбиркорлик фаолиятига илк қадам ташлаш улар учун жуда қийин эди. Чет элга чиқиб сабоқ олиш, ҳамкорлик ришталарини ўрнатиш, халқаро конференция, форумларда қатнашиш улар учун жуда катта муаммо бўлган. Энг ёмони – қўрқув, ўзига ишонмаслик, келажакка ишонч йўқ эди.
Бугун сафимизда 16 мингдан зиёд аёллар тадбиркорлик билан шуғулланиб, оилалари келажаги учун салмоқли ҳисса қўшмоқда. Уларни кўриб кўзим қувнайди, бугунги тадбиркор – элга мададкор, оиласига кўмакдош.
— Ассоциациянинг бугунги кунда халқаро ҳамжамият олдидаги обрўси нималарда деб ўйлайсиз?
— Бугун бизга алоҳида ифтихор ва ғурур, ҳурмат билан мурожаат қилган давлатлар талайгина. Улар қаторида Германия, Голландия, АҚШ, Австрия, Малайзия, Индонезия, Жанубий Корея, Миср, Россия Федерацияси, Беларусь, яқин ва олис хорижий давлатлардаги ҳамкорларимиздир.
Ассоциациямиз аъзо тадбиркорлари ҳозирги кунда ўзига ишонган, тажрибали, юқори малакали, масъулиятни чуқур тушунадиган, кези келганда муаммонинг тагига етмагунча тиниб тинчимайдиган, вақти келса оиласини ҳам, фарзандларини ҳам ўзига кўмакдош қила оладиган аёллардир. Шаклланиб улгурган тадбиркор аёлларимиз энди халқаро ҳамкорлик масалалари билан қизиқмоқдалар. Уларни бугунги кунда маҳсулотларини ташқи бозорга муваффақиятли олиб чиқиш, бизнесларига хорижий инвестор ва ҳамкорларни жалб қилиш каби жиҳатлар қизиқтирмоқда. Шунга монанд ривожланган давлатларга бизнес сафарлар давомида аёлларимиз хорижлик ҳамкасбларининг иш фаолияти билан танишибгина қолмай, халқаро конференциялар, симпозиумлар, кўргазмалар ишида иштирок этиб, ўз маҳсулот ва хизматларини намойиш этиш имкониятига ҳам эга бўлмоқда. Тажриба орттириб, керакли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатмоқда.

— Депутат аёл сифатида бугун сизни қийнаётган муаммолар нимада? Уларни ечиш учун қандай чора-тадбирлар кўрилиши керак деб ўйлайсиз?
— Кўпчилик қатори ҳаёт аталмиш мактабдан гоҳида бахт топсам, гоҳо азият чекдим. Бир қўшиқда айтилганидек, “менинг йилларим – менинг бойлигим!”. Аёллар билан узоқ муддат ишлаганим учун уларни яхши биламан, ҳаётни, сиёсатни яхши тушунаман, деган хулосада яшайман. Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Тошкент шаҳар кенгаши 10-Бўз округидан сайланган депутат сифатида маҳалладаги оддий одамлар ҳаёти, дарди ва муаммолари билан боғлиқ фаолиятим бераётган тажриба менга қайтадан ҳаётни ўргатаётгандек. Депутат сифатида бу тажриба мактабига ўзинг билмаган ҳолда кириб бораверар экансан...
Бугунги кунда одамлар депутатларга ортиқча мулозамат, тил ёғламалик қилиб ўтиришмайди. Ҳаракат ва ишларингизга қараб муомала қилишади. Бугун маҳалладаги одамларнинг ишларимдан мамнун кўзларини, ишончини кўрдим, миннатдорчиликларини эшитдим. Катта ҳалқаро минбарларда эшитган мақтовлардан ҳам ширин туюлади бу эътироф! Чунки маҳаллаларда ногиронлар, эътиборсиз қолиб кетган якка-ёлғиз кексалар, ёрдамга муҳтож хотин-қизлар тақдиридаги кичкинагина бўлса ҳам яхши ўзгаришларга дахлдор эканлигимни сездим.
Мирзо Улуғбек туманидаги Алпомиш маҳалласида спорт майдони қурилди ҳамда янги асфальт ётқизилди, Турон маҳалласидаги 71-ўрта мактабнинг том қисмини таъмирлашга ҳам ўз ҳиссамизни қўшдик, ўнлаб муҳтож фуқароларимизга амалий ёрдам кўрсатдик. 2-сонли болалар жарроҳлик клиник шифохонасига лапороскопик аппарат олиб беришда моддий ёрдам кўрсатилди. Ҳали эса қиладиган ишларимиз жуда кўп, амалга ошириладиган режаларимиз талайгина. Биз депутатлар халқ билан давлат ўртасидаги кўприк ролини бажарамиз. Шундай экан, қанчалик муаммоларни бартараф этишда жонбозлик кўрсатар эканмиз, шунчалик бу жамиятга ишонч ортаверади. Вақт – олтин! Депутатлик фаолияти моддиятсиз, ўзига яраша вақтни банд қилади, лекин бу ҳаёт мактаби ҳам менга бекорга берилмаганини кўпроқ англаб боряпман.
— Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан учрашувини нафақат иқтисодчилар, балки бутун халқимиз қизиқиш билан кузатди, тинглади. Ушбу учрашув тадбиркор хотин-қизларга қандай имкониятлар беради, деб ўйлайсиз?
— Тан олиш керак, охирги йилларда тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бир қатор қарор ва фармойишлар қабул қилинмоқда. Мақсад битта – ўша энг чекка ҳудудларда яшаётган опа-сингилларимиз ҳам қаддини кўтарсин, ўзига мос ва хос ҳунар ўргансин, оилавий тадбиркорлик қилиб фаровон ҳаёт учун интилиб яшашсин.
Учрашув очиқ мулоқот тарзида бўлиб ўтди. Президентимиз тадбиркор аёлларимиз дарди, муаммоларини эшитди, таклиф-мулоҳазалари билан танишди, бу албатта, ўз натижасини беради. Бу учрашув аёлларимизга яхши кайфият, кўтаринки руҳ, тадбиркорлик фаолиятини олиб боришларида куч бағишлайди, деб ўйлайман. Мақсадимиз, Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этиш, ҳукуматга елкадош бўлиш, бор тажриба ва малакамизни мамлакат иқтисоди ривожига сафарбар этиш.
Нигора Раҳмонова суҳбатлашди, ЎзА