Одамийлик, самимиятдан илдиз отган меҳр
Аёл – сирли хилқат. Кўзга кўринмасдек важга кўнгли синади.
Бир оғиз илиқ гапдан кўнгли осмон қадар юксалади.
Куни кеча давлатимиз раҳбари иштирокида хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши юртимиз хотин-қизларининг кўнглини кўтариб, уларга далда бўлди, қалбида ишонч-умид уйғотди.
Хотин-қизларга оид муаммолар ҳамиша долзарб бўлган. Айни дамда мамлакатимизда уларни ҳал этишга жиддий аҳамият қаратилаётгани ҳам рост. Бироқ бу эътибор кўпинча ҳаётда имкон қадар ўз йўлини топган, жилла қурса шунга интилаётган аёлларга, асосан истеъдодли, иқтидорли қизларга қаратилган эди, десак муболаға бўлмайди. Тиришқоқ, интилувчан, ўқувчилар тили билан айтганда, "аълочи" қизлар мудом қўллаб-қувватланаверган. Ҳаёт чархпалагида ўзлигини топишга қийналган, боши берк кўчага кириб қолган, муаммолар гирдобида қолиб кетган аёл-қизлар бир чеккада ўз муаммоси билан овора, жавобсиз саволлар гирдобида қолиб кетаверган.
Муаммолар айтилмагани билан ҳал бўлиб қолмас экан. Четдан келиб ҳеч ким уларни биз учун ҳал этиб ҳам бермайди. Муаммолар тўпланиб, мадда боғлашини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Ишхонамизда ғоят интизомли, вазмин, вазифасига имкон қадар пухта ёндашадиган корректор опа бўларди. Турмуш ўртоғи ҳам ўзидек оддий хизматчи, демакки, оилани қуруқ ойликка бўлса-да, ҳалол йўл билан боқадиган одамлар эди. Опанинг қизи тиришиб-тирмашиб тиббиёт олий таълим даргоҳига ҳужжат топшириб, тўлов-шартномага илинган, бироқ контракт пули оғирлик қилганидан ўқишни ташлаб кетишга мажбур бўлганди...
Хизмат юзасидан "Халқ қабуллари" жараёнини ёритишга Яшнобод туманига борганимда, мактабда ўқитувчилик ёки етакчилик эмас, фаррошлик бўйича иш топиб, қувончи осмонларга сиғмай, энтиккан жувонни кўриб, ғалати бўлиб кетгандим.
Уч нафар фарзандига бир сўм ҳам "бола пули" ололмасдан, "уйларингда телевизор борми, совуткич борми, хўжайининг қаерда ишлайди?" қабилидаги сўровлардан безиб, олиши керак бўлган нафақадан воз кечиб кетган ёш оналар қанча? Улар мавжуд муаммоларга фақатгина маҳалладаги маҳмадана котиба аёлни айбдор билсалар, кошки эди...
Бир пайтлари мақтанганимиз– коллежни тамомлагач ёшлар бир эмас, бир неча касбга эга бўлади, деганимиз шамолларга учдими, билмайман. Коллежни битирган қиз неча йилдирки, иш қидиради. Беғубор қиз раҳбарнинг ишга киришдаги асосий "пароль" – мўмай пулга шаъмасини қайдан тушунсин... Ёки ўз бизнесимни йўлга қўяман, деб сарсон бўлганлар қанча?
Бугун жамиятдаги барча камчиликлар борича айтилаяпти. Давлатимиз раҳбари хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид масалалар бандлик, уй-жой, тадбиркорлик, тиббиёт ва яна кўплаб соҳалар билан узвий боғлиқлигини, мутасаддиларнинг беминнат кўмаги бунда ғоят муҳим эканини, мавжуд барча муаммоларни ечими билан кўрсатиб берди. Зеро, Юртбошимизнинг ҳудудларга сафарлари чоғида асосан оддий, ҳаёт-рўзғор ташвишига андармон бўлиб қолган онахонлар, мушфиқ аёллар билан кўпроқ ҳамсуҳбат бўлаётгани замирида ҳам қанча ҳикмат, ҳаётни пухта билиш, таҳлил эта олишдек муддаолар борлигини теранроқ англаяпмиз.
Ҳа, энди опа-сингиллар қоғозлардаги ҳисоботлар, баландпарвоз гап-сўзлар, таги пуч ваъдалар, кўр-кўрона, дабдабали тадбирларга эмас, амалий ишларга, оддийгина меҳр-эътиборга ишонади.
Назокат Усмонова, ЎзА