Очиқ мулоқот: муаммоларга аниқ ечим топилди
Тошкент вилоятида тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш, бизнес вакилларини қийнаётган муаммоларни тизимли ҳал этиш, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳудуднинг экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган амалий ишлар изчил давом этмоқда.
Вилоят ҳокими Зойир Мирзаевнинг тадбиркорлар ва экспортёрлар билан очиқ мулоқоти доирасида ўтказилган навбатдаги учрашувда ҳам мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар, бизнес вакилларининг мурожаатларини тезкор ҳал этиш масалалари муҳокама қилинди. Унда тадбиркорлик субъектларини қийнаётган муаммоларни бевосита жойида эшитиш, уларнинг ечимини масъул ташкилотлар иштирокида муҳокама қилиш ва ҳар бир мурожаат юзасидан аниқ амалий чораларни белгилашга асосий эътибор қаратилди.

Очиқ мулоқотда вилоят ҳокимлиги масъуллари, бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари, шаҳар ва туман ҳокимларининг тегишли ўринбосарлари, банк-молия муассасалари мутасаддилари, ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари ҳамда юз нафарга яқин тадбиркор иштирок этди. Жараёнда тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш ва мавжуд корхоналар фаолиятини ривожлантириш учун кредит ва молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш, ер майдонлари ва зарур инфратузилма билан таъминлаш каби масалалар кўтарилди.

Шунингдек, электр энергияси ва табиий газ таъминотидаги айрим муаммолар, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларга чиқариш, экспорт жараёнларида учраётган айрим тўсиқларни бартараф этиш юзасидан ҳам таклиф ва мурожаатлар билдирилди. Ҳар бир мурожаат масъул мутасаддилар иштирокида батафсил кўриб чиқилди.

Мулоқотларда жами 110 та масала кўриб чиқилди. Уларнинг қарийб 50 таси жойида ҳал этилди. Қўшимча ўрганишни талаб қилган 37 та мурожаат бўйича тегишли масъуллар бириктирилиб, уларнинг ижросини назоратга олиш белгиланди. Қолган масалалар юзасидан эса тегишли таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Аслида тадбиркорлар билан бундай очиқ ва амалий мулоқотлар бизнес муҳитини янада яхшилаш, мавжуд тўсиқларни бартараф этиш ва янги ташаббусларни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Зеро, тадбиркорлик субъектларининг эркин ва самарали фаолият юритиши учун қулай шароит яратиш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, инвестицияларни жалб этиш, ишлаб чиқариш ҳажми ва экспорт кўрсаткичларини ошириш ҳудуд иқтисодий тараққиётининг муҳим омилидир.
А.Мусаев, Ўз