Ободликдан бошланади Ватанга эҳтиром
Мустақиллик байрами яқинлашган сари юртимизнинг шаҳару қишлоқларида, маҳалламизу кўчаларимизда ўзгача файз пайдо бўлади. Кўчатлар экилган, ариқлар тозаланган, атрофи саришта қилинган ҳар бир масканда байрам шукуҳи билан бирга Ватанга бўлган эҳтиром ҳам намоён бўлади.
Жиззах вилоятидаги сув хўжалиги объектларида кечаётган “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари ҳам ана шу эзгу кайфиятнинг амалий ифодасига айланмоқда.
Сувчи учун ободлик тушунчаси бегона эмас. Унинг кундалик меҳнати замирида ҳамиша тартиб, масъулият ва осойишталик бор. Канал ўзани тоза бўлса, гидротехника иншооти соз ҳолда ишласа, унинг атрофи саришта тутилса, сувнинг манзилигача безавол етиб бориши учун ҳам қулай шароит яратилади.

Айни кунларда вилоятдаги сув хўжалиги тизими ташкилотлари ходимлари каналлар, гидротехника иншоотлари ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш, чиқиндилардан тозалаш, санитар ҳолатини яхшилаш ва кўкаламзорлаштириш ишларига фаол жалб этилган. Бу жараённи шунчаки навбатдаги ҳашар, деб баҳолаб бўлмайди. Зеро, ҳар бир тозаланган канал ёқаси, тартибга келтирилган иншоот ва кўчат экилган ҳудуд ортида юртга дахлдорлик туйғуси мужассам.

Бу ишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 1 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар билан ҳамоҳанг. Қарорда мустақилликнинг 35 йиллигини “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган бош ғоя асосида юксак савияда нишонлаш, байрамга тайёргарлик ишларини маҳаллалар, қишлоқлар, овуллар, вазирлик ва идоралар тизимида ҳам муносиб ташкил этиш вазифалари белгиланган.

Жиззах сувчилари учун бу вазифалар қоғоздаги бандлар эмас, кундалик меҳнатда ўз аксини топаётган амалий мақсаддир. Объектларни тартибга келтириш баробарида уларнинг техник ва санитар ҳолатига эътибор қаратилаётгани эса бир қарашда оддий тозалаш ишининг ортида анча катта масъулият турганини кўрсатади.
Чунки сув хўжалиги иншоотлари — фақат бетон, темир ва тупроқдан иборат объектлар эмас. Уларнинг ҳар бири ортида қишлоқ хўжалиги экинлари, деҳқон меҳнати, ризқ-рўзғор ва одамларнинг эртанги кунига дахлдор улкан вазифа бор. Шунинг учун бу иншоотларни асраш, уларни соз ва озода ҳолда сақлаш — айни пайтда одамлар манфаатига хизмат қилишдир.

“Долзарб 40 кунлик” давомида олиб борилаётган ишлар ҳам ана шу тушунчани мустаҳкамламоқда. Тизим ходимлари ўз иш жойини обод этар экан, нафақат байрамга тайёргарлик кўрмоқда, балки йил давомида фойдаланиладиган объектларнинг ҳолатини яхшилашга ҳам ҳисса қўшмоқда.

Зеро, Ватанга муҳаббат фақат баландпарвоз сўзларда эмас, унинг ҳар қаричини асрашда, ҳар бир масканини обод қилишда, халқ манфаатига хизмат қиладиган ишни сидқидилдан бажаришда намоён бўлади.
Жиззах сувчилари “Долзарб 40 кунлик”да ана шу ҳақиқатни ўз меҳнатлари билан ифода этмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири