Обод маҳаллами ёки барбод маҳалла?
Қарши шаҳридаги Кунчиқар маҳалласи шаҳардаги файзли маҳаллалардан бири эди. Энди-чи?
Қарши шаҳридаги Кунчиқар маҳалласи шаҳардаги файзли маҳаллалардан бири эди. Энди-чи?
Тўғри, маҳаллага тортиб келинган ичимлик суви ва канализация қувурлари эскиргани боис ичимлик суви келиши ва чиқинди сувларининг чиқиб кетишида муаммолар юз бераётган эди.
Аммо ушбу муаммоларга барҳам бериш ва маҳаллани янада обод қилишни мақсад қилган мутасаддилар қош қўяман деб кўз чиқарган кўринади.

Негаки, маҳалланинг асфальт қилинган кўчалари ичимлик суви, канализация ва оқова сув қувурлари тортиш учун бир эмас, уч марта ковланди. Натижада асфальт ўрнида лой, балчиқ, кўлмаклар пайдо бўлиб, кўчалар абгор ҳолатга тушди. Боз устига, ҳар замонда келиб турадиган ичимлик сувидан ҳам энди дарак йўқ. Оқова сувни-ку айтмаса ҳам бўлади.
– Шу маҳаллада узоқ йиллардан бери яшайман, – дейди Қиём Юлдошев. – 2000 йилдан буён ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Охири ҳовлимизга ҳовуз қуриб, сувни сотиб оладиган бўлдик. Маҳалламизда сув қувурлари янгиланади деганда жуда хурсанд бўлган эдик. Аммо мана бир йилдирки, сувни улаб бермайди. Яқинда ичимлик сувидан қарздорлик ҳам келди, ҳайратда қолдик. Қайта-қайта қазиб, кўчамизни ҳам вайрон қилиб ташлашди. Бундан ташқари, қувурлар сифатли ётқизилмаган, сув келса кўп жойлардан тошиб кетади.


Ачинарлиси, бу ердаги бунёдкорлик ишлари “Обод маҳалла” дастури доирасида бажарилган. Мутасаддилардан қандай ишлар бажарилганини сўрашга ҳам ҳожат йўқ. Чунки маҳалладаги ҳолатда нима қилинганию нима қилинмагани кундай равшан. Вилоят марказидаги маҳаллада дастур доирасида амалга оширилган ишлар сифати шу тахлит бўлса, кўздан йироқларида аҳвол қандай экан?




