Оҳангарон шаҳри хавфли ҳудудга айлангани ростми?
Бугун Оҳангарон шаҳрини ўзида 2 та болани, биттасини пичоқлаб, яна биттасини юзига, кўзига сигарета босиб, ўлдириб кетган.
“...Болаларни соат 7 дан кейин кўчага чиқарманг. Бугун Оҳангарон шаҳрини ўзида 2 та болани, биттасини пичоқлаб, яна биттасини юзига, кўзига сигарета босиб, ўлдириб кетган. Болаларга эҳтиёт бўлинглар. Оҳангарон шаҳри жуда ҳам хавфли ҳудуд бўлиб қолди...“
Сўнгги кунларда шу каби қўрқинчли хабарлар ижтимоий тармоқларда фаол айланиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Хўш, бу каби хабарлар қанчалик асосли, Оҳангарон шаҳри ҳақиқатдан ҳам хавфли ҳудудга айланиб қолганми?
Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси томонидан Ангрен шаҳрида ўтказилган навбатдаги матбуот анжуманида шу каби саволларга аниқлик киритилди.
Ички ишлар тизимида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлаётган ҳолатларга аниқлик киритиб, муносабат билдириш мақсадида ташкил этилган анжуманда вилоят ИИББ биринчи ва иккинчи минтақавий мувофиқлаштириш маркази раҳбарлари, 10 та туман ва шаҳар ИИБ бошлиқлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирда дастлаб, мазкур минтақа бўйича 2019 йил таҳлили, йўл қўйилган камчилик ва эришилган ютуқлар, шунингдек, жорий йил учун белгиланган режа хусусида атрофлича маълумот берилди.
Қайд этилишича, биринчи минтақа ҳудудида умумий жиноятлар 11,6 фоизга камайган. Жумладан, аёллар томонидан содир этилган жиноятлар 47,4, вояга етмаганлар жиноятчилиги эса 60,9 фоизга камайган. Минтақанинг 294 та маҳалла фуқаролар йиғинларининг 111 тасида умуман жиноят содир этилмаган.
Анжуманда шунингдек, шу кунларда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама ва турли эътирозларга сабаб бўлаётган болалар ўғирланиши ва шу мазмундаги турли аудио хабарларга аниқлик киритилиб, бундай ҳолат нафақат Оҳангарон ва Чирчиқ шаҳарлари, балки шу каби ҳолатлар минтақада йил давомида қайд этилмагани маълум қилинди.
Тадбирда мазкур аудио хабар муаллифларидан бири бўлган фуқаро Ж.Н. ҳам иштирок этди.
– Оҳангарон ва Ангрен шаҳарларида бола ўғирлаш ёки шунга ўхшаш жиноятнинг гувоҳи бўлганим йўқ, – деди у. – Қаердандир эшитиб, шу асосда интернетга тарқатиб юбордим. Бу ишимдан, яъни ўзим гувоҳи бўлмаган, асоссиз хабарни тарқатганимдан жуда афсусдаман. Бу ишим учун барчангиздан узр сўрайман. Тенгдошларим эса бундан хулоса чиқаришини хоҳлардим.
Матбуот анжуманида тизим билан боғлиқ журналистларни қизиқтирган саволларга масъул ходимлар томонидан атрофлича жавоб берилди.