Хавфсизлик камарини тақмаган ҳайдовчиларни эндиликда тадбиркорлар ҳам камера орқали қайд этади
2026 йил 1 ноябрдан тадбиркорлар ўрнатган махсус камералар орқали ҳайдовчиларнинг хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатларини қайд этиш мумкин бўлади.
Бу тартиб Ҳукуматнинг 2026 йил 29 октябрдаги қарорида белгиланди. Унга кўра, хусусий секторни йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга жалб этишга оид 2021 йил 21 апрелдаги қарорга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Камера тизими «Маъмурий амалиёт» модулига қуйидаги маълумотларни автоматик юбориши керак: ускунанинг метрологик қиёслаш гувоҳномаси рақами ва амал қилиш муддати; қоидабузарлик аниқланган сана ва вақт; қоидабузарлик содир этилган жойнинг аниқ координаталари.
Электр таъминоти узилганда ҳам тизим камида 8 соат ишлай олиши учун захира электр манбаи билан жиҳозланиши лозим.
Фотосуратларда ҳайдовчининг юзи ва хавфсизлик камарини таққан ёки тақмагани аниқ кўриниши шарт.
Н.Абдураимова,
ЎзА