Нуқсонли маҳсулотларни текширишнинг ҳуқуқий механизмлари белгиланмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда бир қатор масалалар, хусусан, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, ушбу қонун лойиҳаси билан нуқсонлари аниқланган товарни алмаштириб бериш учун товар сифатини қўшимча равишда текшириш ҳолатлари, асослари ва тартиб-таомилларини аниқ белгилаш назарда тутилмоқда.
Амалдаги қонунчиликка кўра, сотиб олинган маҳсулотнинг тузилиши, таркиби, сифатида нуқсони бўлса, сотувчи уни 7 кун ичида истеъмолчига алмаштириб бериши мумкин.

Маҳсулотдаги нуқсонлар истеъмолчи томонидан фойдаланиш, сақлаш қоидаларини бузиш ёки учинчи шахслар ҳаракатлари натижасида келиб чиққан бўлиши мумкинлигини ташқи кўринишидан аниқлаш имкони бўлмаган ҳолларда қўшимча текшириш ўтказишнинг ҳуқуқий механизмлари белгиланмоқда. Бунда текшириш харажатлари сотувчи томонидан қоплаб берилади.
Шунингдек, қонун лойиҳаси билан истеъмолчининг нуқсонли товар сифатини қўшимча равишда текширишдаги иштироки билан боғлиқ кафолатлар ҳам мустаҳкамланмоқда. Хусусан, истеъмолчининг шахсан ёки ўз вакили орқали текшириш жараёнида иштирок этиш ҳуқуқи белгиланмоқда.
Муҳокамаларда фракция аъзолари қонун лойиҳасининг қабул қилиниши истеъмолчиларнинг нуқсонли товарларни алмаштиришдаги ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини янада самарали ҳимоя қилишга хизмат қилишини таъкидлади. Шунингдек, сотувчи ва истеъмолчи ўртасидаги низоли ҳолатларнинг, товарларни алмаштиришда муддат бузилишининг олдини олишда алоҳида аҳамиятга эга эканлиги қайд этилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА