Нукус туманида томат пастаси заводи ишга туширилди
Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманида помидордан “Ойдинлар” бренди остида томат пастаси ишлаб чиқарувчи янги заводнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Президентимиз томонидан Қорақалпоғистон учун алоҳида берилган имтиёз ва имкониятлар натижасида янги корхоналар сони ортиб, кўплаб лойиҳалар ишга туширилмоқда. Ана шундай лойиҳалардан бири бўлган томат пастаси ишлаб чиқариш заводи умумий 15 миллиард сўм маблағ ҳисобидан ишга туширилди

Натижада, суткасига 70 тонна маҳсулотни қайта ишлаш ва йилига 1000 тоннадан ортиқ тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қуввати, ёшлар учун эса 40 га яқин иш ўрни яратилди. Албатта, ушбу лойиҳанинг ишга туширилиши маҳаллий помидор маҳсулотларини экспортбоп усулда қайта ишлашга, туманнинг иқтисодий салоҳиятини оширишга ва туман аҳолиси фаровонлиги йўлида узоқ йиллар давомида хизмат қилади.

Тадбир давомида нуроний-оқсоқоллар, ҳудуд аҳолиси янги завод фаолияти билан яқиндан танишди.
Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Т.Худайбергенов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси А.Оринбаев иштирок этди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири