Нукус гарнизонида замонавий ҳарбий техника намойиш этилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Шимоли-ғарбий ҳарбий округининг Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмда спортчи ёшлар иштирокида “Очиқ эшиклар куни” тадбири бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси спорт вазири ҳамда спортчи ёшлар иштирок этиб, ҳарбий қисм фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Ёшлар қалбида Ватанга садоқат ва фидойилик туйғуларини янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбирда иштирокчилар Қуролли Кучлар тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, замонавий ёндашувлар, шунингдек, ҳарбий хизматчилар учун яратилган имконият ва имтиёзлар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдилар.
Кун давомида спортчи ёшлар ҳарбий қисмда ташкил этилган машғулот жараёнлари ҳамда замонавий ҳарбий техника ва қурол-аслаҳа намойишини яқиндан кузатиб, мамлакатимиз мудофаа салоҳиятининг қудратини ҳис этдилар.
[gallery-28718]
Тадбир ёшларнинг ҳарбий хизматга бўлган қизиқишини ошириш, келажакда Ватан ҳимоячилари сафини муносиб давом эттиришга рағбатлантиришга хизмат қилувчи муҳим ташаббуслардан бири бўлди. Бундай учрашув ва очиқ мулоқотлар ёшлар онгида мустаҳкам эътиқод, юртга садоқат ҳамда келажак учун масъулият ҳиссини шакллантиради.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА