Меҳнат муҳофазаси масалалари муҳокама қилинди
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон Кенгаши, Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан “Таълим соҳасида меҳнат муҳофазасига оид муаммолар” мавзусида ўқув-семинар ташкил этилди.
Тадбирда муассаса, корхона ва ташкилотлар, мактабгача ва мактаб таълими тизими, шунингдек, олий таълим муассасаларидан меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассислар, касаба уюшмаси қўмиталари раҳбарлари ва тегишли мутасаддилар иштирок этди.


Ўқув-семинарида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон Кенгаши раиси У.Жалменов, Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг меҳнат муҳофазаси бўйича бош мутахассиси Д.Самарбеков, Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси инспектори М.Сейдуллаев, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон Кенгашининг меҳнат-техник инспектори Б.Утепбергенов томонидан иштирокчиларга меҳнат муҳофазаси соҳасидаги амалдаги қонунчилик, иш ўринларида хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, ишлаб чиқариш жараёнларида юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларнинг олдини олиш ва ходимлар саломатлигини муҳофаза қилиш масалалари бўйича батафсил маълумотлар берилди.


Семинар давомида соҳа мутахассислари томонидан таълим муассасаларида учраётган муаммолар таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича аниқ таклифлар билдирилди. Шунингдек, меҳнат муҳофазаси маданиятини ошириш, ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини кучайтириш ва хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя қилишнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.