Нукус гарнизонида устоз ва мураббийлар шарафланди
30 сентябрь куни Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги томонидан барча ҳарбий округ ва вилоятлар билан онлайн тарзда ўтган 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрамида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида истиқомат қилаётган Қуролли Кучлар фахрийлари ҳамда ўқитувчи-мураббийлар иштирок этди.
Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги томонидан сана муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбирда кўп йиллик меҳнат ва хизмат тажрибасига эга бўлган ҳарбий пенсионерлар шарафланди. Мамлакатимизда минг йиллар давомида сақланиб келинаётган “устоз-шогирд” анъанаси армиямизда ҳам ўз ўрни ва нуфузига эга экани таъкидланди. Ҳаёт йўлимизни тафаккур гулшани билан ёритаётган меҳридарё устозлар шарафига дастурхон ёзилди.

Бир гуруҳ пенсиядаги ва ҳозирги вақтда сафда бўлган ҳарбий хизматчилар ҳамда мактаб ўқитувчилари, шунингдек, Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат маркази қошидаги фан тўгаракларида ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига тарбия бериб келаётган устозлар мудофаа вазири ҳамда ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг буйруғига мувофиқ “Мудофаа вазирлиги фахрийси”, “Намунали хизмати учун” ва “Малакали устоз” кўкрак-нишонлари, фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга навбатдаги ҳарбий унвонлар топширилди.
Нукус гарнизони ҳарбий оркестри ҳамда умидли хонандалар иштирокидаги байрамона концерт дастури тантанага ўзгача файз бағишлади.
ЎзА