Нуфузли унивeрситeтлар ҳамкорлигида янги лойиҳа
Кейинги йилларда Урганч давлат университетининг Туркия Республикаси олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқалари тобора кенгаймоқда. Академик ҳамкорлик бўйича 11 та олий таълим муассасаси билан келишувларга эришилгани бунинг далилидир.
Ҳамкорлик алоқаларнинг узвий давоми сифатида Туркия Республикасининг бир неча нуфузли университети, шунингдек, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази, Тошкентдаги “Алфраганус” университети ҳамда Урганч давлат университети ўзбек филологияси факультети ҳамкорликда шева луғати яратишни йўлга қўйиш юзасидан янги лойиҳани амалга оширмоқда.
Шу муносабат билан Туркия университетларининг бир гуруҳ профессорлари Урганч давлат университетига ташриф буюрди.
Меҳмонлар билан мулоқотда УрДУ ўқув ишлари бўйича проректори С.Ходжаниёзов, илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор З.Ибрагимов, ўзбек филологияси факультети декани Д.Ғайипов ва ўзбек филологияси кафедрасининг шевашунос олималари, профессор-ўқитувчилари иштирок этди. Мулоқотда томонлар ўз олий ўқув юртлари ҳақидаги умумий маълумотларни тақдим этди.
[gallery-14569]
Урганч давлат университети ўзбек филологияси факультети профессор-ўқитувчилари ва Сакаря амалий фанлар университети олимлари Урганч давлат университети билан ҳамкорликда “Онадолу ва ўзбек ўғуз лаҳжаларининг диалектологик луғатини яратиш” мавзусидаги грант лойиҳасини биргаликда яратишга келишди.
Сакаря амалий фанлар университети, Туркия Республикасининг қатор олий таълим муассасаларидан Урганч давлат университетига ташриф буюрган меҳмонлар шарафига маданий тадбир ташкил қилинди. Тадбирни ўзбек филологияси факультети декани, профессор Д.Ғайипов очиб, меҳмонларга ташриф учун миннатдорлик изҳор қилди ва университетлар ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ўзаро манфаатли бўлишига ишонч билдирди.
Хоразм вилоят ҳокими маслаҳатчиси Р.Худайберганов икки қардош мамлакатнинг азалий дўстлик алоқалари ва муштарак жиҳатлари ҳақида маъруза қилди. Шундан сўнг ўзбек филологияси факультетининг истеъдодли талабалари томонидан бадиий чиқишлар намойиш этилди.
Айниқса, туркча гўзал рақслар, Хоразм шевасидаги шеърлар, Хоразм миллий маданиятига оид жонли қўшиқ, лазги рақси меҳмонларда ўзгача таассурот қолдирди.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов(сурат), ЎзА мухбирлари