Нормурод Норқобилов – табиатнинг камтар куйчиси
Табиатни қадрлайдиган, ундан ҳикмат топа билган, борлиқ билан тиллаша оладиган, сирлаша билган, оддийликдан мўъжиза топган ижодкор...
Адиб Нормурод Норқобилов ижодини яқиндан билган китобхон унга шундай баҳо бериши табиий.
Aлишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, уюшма аъзоси Нормурод Норқобилов ижодига бағишланган “Юзма-юз” деб номланган адабий-бадиий кеча ташкил этилди.
Кечада муаллифнинг "Қоялар ҳам йиғлайди”, “Тоғдаги ёлғиз одам”, “Aжал чорлаган кун”, “Дашт-у далаларда” номли қисса ва романлари тақдимоти бўлиб ўтди.
Адабий тадбирда миллий адабиётимизга, китобхонликка қаратилаётган эътибор, қаламкашлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар хусусида тўхталиб ўтилди.
Ёзувчи Нормурод Норқобилов ижодининг ўзига хос жиҳатлари хусусида батафсил сўз юритилди. Маълумки, инсон ва табиат, инсон ва борлиқ мавзуси адабиётда устувор ўрин эгаллайди. Жаҳон адабиётидаги бу мавзу азалдан мавжуд бўлиб, кейинги йилларда унинг кучайганини кузатиш мумкин.
Адабий анжуманда эътироф этилганидек, Нормурод Норқобилов табиатга мафтун бўлган, ўзини унинг ажралмас қисми деб ҳисоблайдиган ижодкорлардан.
Адабиётшунослар, Нормурод аканинг она-табиатга бағишланган асарларини жаҳон адабиётининг номдор вакиллари ижоди билан бемалол беллаша олишини таъкидлайдилар.
Инсоннинг она-табиатдан узоқлашиб, ўз фожеаси билан тўқнашаётгани, борлиқ қонуниятларининг адабий-бадиий талқини, бу қонуниятни юракдан ҳис этиш Нормурод Норқобилов асарларида устувор ўрин эгаллайди. Муаллиф табиат муҳитида туриб, маънавий, ижтимоий-психологик муаммоларни айта олиши, долзарб ғояларни ўртага ташлаши, ижоди теран фалсафага йўғрилгани эътиборга молик. Табиат билан инсон ўртасидаги муаммолар алалоқибат инсоннинг ўзига мисли кўрилмаган фожеалар олиб келиши адиб асарларида табиий, ҳаётий, ҳам оддий, жайдари тарзда ифода этилган.
Нормурод Норқобиловнинг табиатга бағишланган асарлари мамлакатимиз босма оммавий ахборот воситаларида мунтазам чоп этилади.
Маълумотларга кўра, Нормурод Норқобилов 1953 йилнинг июнида Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманининг Қишлиқ қишлоғида туғилган. 1982 йилда Тошкент Давлат университети – ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг Журналистика факультетини тугатган.
1987 йилда унинг илк ҳикоялар тўплами – “Зангори кўл” чоп этилган. Кейинчалик “Унутилган қўшиқ” (1990), “Юзма-юз” (1993), “Сариқ гул” (1996), “Пахмоқ” (1997), “Темур ғори” (1999), “Аразчи чумчуқ” (1999), “Бекатдаги оқ уйча” (2000), “Овул оралаган бўри” (2005), “Жўшқин дарё” (2005), “Бўрон қўпган кун” (2007) ҳикоя ва қиссалардан иборат тўпламлари ва “Дашту далаларда” (2009) романи чиқди.
[gallery-20498]
Адибнинг “Қуёши ботмайдиган юрт”, “Белбоғ” ва бошқа асарлари асосида кўп қисмли видеофильмлар яратилган. Бир қанча ҳикоя ва қиссалари рус, қозоқ, беларусь, қирғиз, татар, араб, турк, хитой ва бошқа тилларга таржима қилинган.
Нормурод Норқобилов “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” унвони ҳамда “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.
Анжуманда адиб ижоди, унинг янги асарлари ҳақида батафсил сўз юритилди.
Назокат Усмонова,
Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА