Нормандияда француз миллиардери фожиали ҳалок бўлди
Франциялик депутат ва миллиардер Оливье Дассо вертолёт ҳалокатга учраши оқибатида оламдан кўз юмди.
Бу қайғули ҳодиса мамлакат шимолида рўй берган. Ушбу хабарни “Europe 1” радиостанцияси тарқатган.
Қайд этилишича, учиш қурилмаси якшанба куни Нормандиянинг Тук коммунаси ҳудудида қулаган. Воқеа жойида "Республикачилар" партияси вакилидан ташқари вертолёт бошқарувчиси ҳам қурбон бўлган.
Сиёсатчининг ўлимига муносабат билдирган Франция президенти Эммануэль Макрон ижтимоий тармоқ орқали ҳамдардлик изҳор қилди.
— Оливье Дассо Францияни севарди, — деб ёзган Макрон. — Йирик тадбиркор, сайланган депутат, Ҳарбий ҳаво кучлари захираси қўмондони: бутун умри давомида у давлатимизга хизмат қилиб келди.
Дассо 69 ёшда эди. Унинг отаси Серж Дассо ҳам таниқли бизнесмен, сиёсатчи ва миллиардер бўлган.