Ноқонуний қурилишлар учун жавобгарлик кучайтирилмоқда
Мамлакатимизда шаҳарсозлик соҳасида айрим тизимли муаммолар сақланиб қолмоқда. Хусусан, ноқонуний қурилишлар, лойиҳа ҳужжатларидан четга чиқиш ва урбанизация тамойилларига амал қилмаслик, қурилиш-монтаж ишларини белгиланган тартибларга риоя этмасдан амалга ошириш ҳолатлари учрамоқда. Бу борада 2024 йилда 9 мингта ҳуқуқбузарлик аниқланган. 2025 йилда шаҳарсозлик соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун 2 минг 653 та маъмурий жарима қўлланилган.
Шаҳарсозлик соҳасидаги муаммолар аҳоли хавфсизлиги, шаҳарларни режали ривожлантириш, муҳандислик ва ижтимоий инфратузилмага, шунингдек, фуқаролар ва инвесторларнинг қонуний манфаатларига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Парламент қуйи палатаси мажлисида шаҳарсозлик соҳасида қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш, ноқонуний қурилишларнинг олдини олишга қаратилган қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди.
Қонун лойиҳаси билан шаҳарсозлик талабларини қўпол равишда бузганлик, яъни ноқонуний қурилишларни амалга ошириш, қурилиш-монтаж ишларини бош режа, мастер-режа ва қурилиш лойиҳаси талабларини бузган ҳолда амалга оширишга жавобгарлик чоралари кучайтирилади.
Шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳажмдан катта бўлган иморатлар, бино ва иншоотларни ваколатли органни хабардор этмасдан қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари учун ҳам жавобгарлик кучайтирилмоқда.
Соҳада Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитасининг шаҳарларни комплекс ривожлантириш соҳасидаги ваколатлари аниқ белгилаб қўйилмоқда.
Муҳокамаларда қайд этилганидек, қурилишда хавфсизлик, қулайлик, қонунийлик биринчи ўринда бўлиши керак. Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши шаҳарсозлик соҳасининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, ноқонуний қурилишларни қисқартириш, қурилиш бозорида ҳалол рақобат муҳитини таъминлаш, ер ва кўчмас мулк ресурсларидан самарали фойдаланишга хизмат қилади.
Шунингдек, фуқароларнинг кўп квартирали уйлар қурилишига йўналтирилаётган маблағларини ҳимоя қилиш ҳамда аҳоли учун хавфсиз ва замонавий шаҳар муҳитини шакллантиришга ҳуқуқий асос бўлади.
Муҳтарама Комилова,
Фарҳод Абдурасулов (сурат),
ЎзА