Ноқонуний олиб кирилган 22 турдаги маҳсулот йўқ қилинди
Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилояти бошқармаси ва Термиз шаҳар бўлими Термиз тумани Каттақум массивидаги махсус полигонда жиноят ишлари бўйича судларнинг ижро ҳужжатлари ижросини таъминлаш учун ҳамкор ташкилотлар ҳамда холислар иштирокида 22 турдаги қиймати 330 миллион сўмликдан ортиқ товар-моддий бойликлар йўқ қилинди.
–Юртимиз ҳудудига ноқонуний олиб кирилаётган, тегишли ҳужжати ва рухсати бўлмаган маҳсулотларни йўқ қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади, – дейди МИБ Сурхондарё вилояти бошқармаси масъул ходими Қ.Турсунов.

– Шунга кўра, акциз маркаланмаган 267 миллион 461 минг сўмлик 17 минг 500 қути тамаки маҳсулоти, жиноят ишлари бўйича Термиз туман суди томонидан ноқонуний, деб топилган қиймати 30 миллион 655 минг сўмлик 554 дона ҳомиладан сақловчи тиббиёт мосламаси ва мамлакатимиз ҳудудига ноқонуний олиб кирилмоқчи бўлган бир дона учувчисиз учиш аппарати йўқ қилинди.
Ҳамкор ташкилотлар ва холислар билан мазкур товар-моддий бойликларнинг йўқ қилингани ҳақида тегишли далолатнома тузилди.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА