Ноқонуний маҳсулотлар йўқ қилинди
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Қашқадарё вилояти бошқармасининг Қарши шаҳри бўлими иш юритувидаги йўқ қилиш билан боғлиқ ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида навбатдаги тадбир ўтказилди. Унда умумий қиймати салкам 160 миллион сўмлик 25 турдаги товар моддий бойликлари тегишли тартибда йўқ қилинди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар давомида ушлаган ҳамда Жиноят ишлари судларнинг қарорлари билан ҳуқуқбузар деб топилган айбланувчиларга тегишли жазо қўлланилган.
Шунингдек, ҳуқуқбузарлардан ашёвий далил сифатида хатлаб олинган товар моддий бойликларини тегишлича йўқ қилиш белгиланган. Мазкур ижро ҳужжати Бюронинг Қарши шаҳар бўлими иш юритувига олинди ва ўтказилган тадбир давомида тегишли идоралар вакиллари иштирокида йўқ қилинди.
– Жумладан, хуфиёна йўллар орқали мамлакатимизга кириб келган вақтида ушланиб, ҳуқуқбузар деб топилган Б.Абдуназаров ва А.Маликовлардан далилий ашё сифатида олинган қиймати 45,3 миллион сўмлик вирус блокаторлар, ҳуқуқбузар И.Ҳожиев ва Ю.Ибрагимовалардан олинган 17.6 миллион сўмлик биологик фаол қўшимчалар, Ф.Тошбоевдан олинган 17 миллион сўмлик антисептик воситалар, Р.Тўхтақуловдан олинган 21,7 миллион сўмлик тамаки маҳсулотлари ёқиш йўли билан йўқ қилинди, – деди МИБ Қарши шаҳар бўлими бошлиғи ўринбосари Улуғбек Намозов.
Ўлмас Баротов, ЎзА.