Ноқонуний маҳсулотлар фош бўлди
Товар моддий бойликларни ноқонуний йўллар билан мамлакатимизга олиб киришга бўлган уринишларга қарши божхона органлари томонидан тизимли тарзда курашилмоқда.
Хусусан, Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш тезкор вакиллари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда тадбир ўтказилди. Унда олдиндан олинган тезкор маълумотларга асосан, Бекобод шаҳар “Металлург” МФЙ Тинчлик кўчасидаги хонадонлардан бирида яшовчи М.М.га тегишли бўлган хорижда ишлаб чиқарилган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ноқонуний йўллар орқали олиб кирилган қиймати салкам 34 миллион сўмлик 2 минг 190 қути тамаки маҳсулотлари борлиги аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Маълумот учун, жисмоний шахслар божхона чегараси орқали божхона тўловларисиз 10 қути миқдоридаги тамаки маҳсулотларини божсиз олиб киришлари мумкин. Бундан ташқари, Тошкент вилояти божхона бошқармаси “Яллама” чегара божхона пости орқали “Volvo” русумли юк автотранспорт воситасида юртимизда фаолият олиб бораётган масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг номига олиб келинаётган юклар назоратдан ўтказилди.
Ташкилотнинг ишончли вакили ҳамда холислар иштирокида ўтказилган текширув давомида автомашинада тегишли ҳужжатлари бўлмаган, қиймати 510 миллион сўмлик 77 қутида оғирлиги 1 минг 518 килограмм “Болалар ўйинчоқлари” ҳамда 115 қутида “Чинни идишлар” борлиги аниқланди.
Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом этмоқда.
А.Мусаев,ЎзА