Ноқонуний фаолиятга чек қўйилди
Хоразм вилоятида истеъмолга яроқсиз алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотиш фаолияти билан шуғулланиб келган шахслар ушланди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Хоразм вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Хонқа туманида яшовчи фуқаро Х.Х. ўзига тегишли бўлган омборхонада тегишли ҳужжатларсиз 7 турдаги жами 1 минг 857 дона қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотларини сотиш мақсадида сақлаб қўйган. Ушбу алкоголь маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинган.

Шунингдек, Департаментнинг Янгиариқ туман бўлими ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ноқонуний алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланиб келган фуқаролар И.Ғ., С.Б. ва Р.Ш.лар яшаш уйида хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб, қўлбола усулда “Органик”, “Қоратау”, “Русская”, “Добрая” номли алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқараётганлиги аниқланиб, улардан ашёвий далил сифатида 8 минг 300 дона акциз марка, 3 минг 18 дона шиша қопқоғи, 225 литр спирт, сотиш учун тайёрланиб қўйилган 4 турдаги 1 минг 436 дона қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотлари аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА