Ноқонуний дори воситалари олинди
Ноқонуний дори воситаларининг инсонлар саломатлигига хавф солиши ҳақида қанча огоҳлантирилмасин, уларга қарши қанча чора-тадбирлар қўлланилмасин, ушбу фаолият тури билан шуғулланувчилар ҳамон учрамоқда. Моддий манфаати устун келган қўштирноқ ичидаги тадбиркорлар, афсуски, бебаҳо бойлигимиз ҳисобланган саломатлигимизга раҳна солмоқда.
Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси ходимларининг ДХХ, Қашқадарё вилоят ИИБ бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор-қидирув тадбирлари давомида Шаҳрисабз туманида яшовчи фуқаро томонидан келгусида сотиш мақсадида катта миқдордаги дори воситалари сақлаб келинаётгани маълум бўлди. Тадбир давомида фуқарога тегишли қурилиши тугалланмаган бинода 19 дона қутида 25 хил турдаги жами 1092 қути дори воситалари борлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди.


Шу куни ўтказилган текзор тадбирлар давомида фуқаронинг яшаш хонадони ва унга тегишли нотурар жойлардан ҳам тахминий қиймати 544 миллион сўмлик жами 11 минг 749 қутидан иборат ноқонуний ижтимоий дори воситалари ва биофаол қўшимчалар текшириб кўриш мақсадида вақтинчалик сақловга олинди.
Шунингдек, кўздан кечириш давомида фуқаро Ч.Жнинг яшаш хонадони ётоқхонасидан 1 дона “HATSAN STRIKER” номли пневматик қурол ва унинг ўқлари, 1 дона “BUCK”номли пичоқ, 1 дона кастет ва бошқа совуқ қуроллар топилди.



Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири