Ноинсоний, ноқонуний савдо
Одам савдоси оғир жиноят ва инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузилиши демакдир. Дунёдаги ҳар бир мамлакат ушбу жиноят учун жазони мустақил равишда белгилайди. Жиноятчиликнинг бу мудҳиш турига қарши курашиш ва унинг олдини олиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти(БМТ)нинг бир қатор тавсия ва мажбурий характерга эга бўлган ҳужжатлари қабул қилинган.
– Одам савдосига қарши курашиш борасида 2020 йилнинг 17 августида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида” ги Қонуни қабул қилинди, – дейди Жиззах вилоят суди раиси Ўткиржон Жумаев. – Қонунда одам савдосига қарши курашиш бўйича муҳим тамойиллар белгиланиб, асосий тушунчаларга аниқ таърифлар берилган. Бу, ўз навбатида, одам савдоси билан шуғулланувчиларни жиноий таъқиб этиш, шунингдек, жабрланувчиларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоялашда қонуний асос бўлиб хизмат қилади.

Женевада Халқаро Миграция Ташкилоти(ХМТ)нинг Тошкентдаги тўлақонли ваколатхонасини очишни кўзда тутувчи Ўзбекистон ва ХМТ ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланган бўлиб, Ўзбекистоннинг 2019 йилда ташкилотнинг тўлақонли аъзосига айланиши республика билан ташкилот ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштиришга муҳим аҳамият касб этди.

– Халқаро тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида” ги қонун янги таҳрирда қабул қилиниб, БМТнинг статистик маълумотларига кўра, одамлар камида 127 мамлакатдан сотувга чиқмоқда ва улар 137 давлатда эксплуатация қилинмоқда. Шунингдек, ҳар йили турли ҳисоб-китобларга кўра, 20-40 миллион киши қулдорликнинг замонавий шакли қурбонига айланяпти, – дейди Ўткиржон Жумаев. – Мазкур муаммонинг аниқ кўламини билиш жуда ҳам қийин, зеро жиноий фаолият яширин содир этилади. Айниқса, статистика мавжуд эмас, буни юритиб ҳам бўлмайди. Халқаро даражада одам савдоси қурбонларининг атиги 0,04 фоизигина аниқланган, холос. Одамфурушларни жиноий жавобгарликка тортиш даражаси ниҳоятда паст бўлиб, уларнинг айбдорлигини исботловчи далилларни топиш жуда ҳам мушкул.

Мисол учун, 2016 йили жаҳон бўйлаб 14 минг 894 суд иши очилган ва уларнинг фақат 9 минг 71 тасида жиноятчилар судлангани юқоридаги фикримизга исбот.
Дарҳақиқат, дунё бўйлаб шунча кенг қамровли амалиёт, тегишли тарғибот-ташвиқот олиб борилишига қарамай, ҳар йили миллионлаб инсонлар “замонавий қуллик” яъни одам савдоси қурбонига айланмоқда. Улар орасида аёлар, қизлар, кексалар, ҳатто ёш болалар ҳам борлиги аянчли. Ушбу жиноятнинг ривожланишига туртки бўлаётган асосий омиллардан бири одамларнинг чет элга бориш ва ишга жойлашиш ҳақида етарли маълумотга эга эмаслигидир.
БМТ маълумотларига кўра, дунёда ҳар йили тахминан 2 миллион 700 минг киши одам савдосининг қурбонига айланмоқда. Халқаро экспертларнинг баҳолашича, ушбу жиноят натижасида олинаётган йиллик даромад миқдори 7 миллиард АҚШ долларидан ошган. Ташвишланарлиси, одам савдоси жиноятидан жабрланганларнинг 80 фоизи аёллар ва болалардир. Ҳар йили дунё бўйича 600-800 минг нафар хотин-қизлар ва болалар алдов йўли билан хорижий мамлакатларга сотиб юборилмоқда.
– Одам савдосига қарши кураш борасида кўплаб тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилишига қарамай вилоятимизда ҳам одам савдоси қурбонига айланган фуқаролар бор, – дейди Жиззах вилоят суди раиси Ўткиржон Жумаев. – Вилоятнинг жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларида 2023 йилнинг биринчи ярмида 4 нафар шахсга нисбатан 4 жиноят иши кўрилган бўлиб, судланувчилардан 3 нафарини аёл, 1 нафарини эркак ташкил этади. Булардан 1 нафар шахсга нисбатан озодликни чеклаш, 3 нафарига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган. Мазкур 4 жиноят иши бўйича 7 нафар аёл фоҳишабозлик ёки бошқа шаҳвоний эксплуатация мақсадида чет элга олиб чиқиб кетилмоқчи бўлинган. Улардан 2 нафари Қозоғистон Республикасига, 1 нафари Россия Федерациясига, 1 нафар аёл Бирлашган Араб Амирликларига ва 3 нафар аёл бошқа давлатларга мамлакатимиздан яширинча олиб кетилмоқчи бўлинганда мутасадди идора ходимлари томонидан қўлга олинган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, одам савдосининг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш халқаро даражада жиддий ёндашув ва ўзаро ҳуқуқий ҳамкорлик йўлга қўйилган ҳолда амалга оширилсагина ўз самарасини беради.
А.ҚАЮМОВ,
ЎзА