Ногиронликни баҳолашда ижтимоий моделга ўтилмоқда
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Навоий вилояти бошқармасида “Функционаллик ва ногиронлик ҳақида замонавий тушунча” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди.
“Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ногиронлиги бўлган шахслар билан ишлаш шуъбаси мутахассислари, психологлари ва ижтимоий ходимлар иштирок этган семинарда соғлиғи, ҳаёт фаолиятининг (функцияларининг) чекланиши халқаро классификацияси асосида фуқароларга ногиронликни белгилашнинг ижтимоий моделига ўтиш концепцияси ҳамда унинг тамойилларини амалга ошириш бўйича батафсил маълумотлар берилди.
Таъкидланишича, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) кўмагида ногиронликни аниқлаш методологиясини ишлаб чиқмоқда. Бу методология Халқаро фаолият таснифи ва ногиронларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция асосида фаолиятни баҳолашни ўз ичига олади.
3 кун давом этган семинарда халқаро экспертлар томонидан функционаллик, ногиронлик ва саломатликнинг халқаро таснифи, WHODAS 2.0 йўриқномаси, биопсихоижтимоий модели ҳақида тушунчалар берилди.
[gallery-18073]
– Семинар интерактив тарзда ташкил этилиб, назарий олган билимларимизни амалий машғулотларда мустаҳкамладик, – дейди Зарафшон шаҳар “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ногиронлиги бўлган шахслар билан ишлаш шуъбаси бош мутахассиси Шоира Ғиёсова. – Жумладан, амалий машғулотлар давомида WHODAS 2.0 йўриқномаси асосида тайёрланган сўровномаларни ўтказиш ва халқаро конвенция асосида ногиронлиги бўлган шахслар фаолиятини баҳолашни ўргандик. Шунингдек, халқаро экспертлардан саволларимизга атрофлича жавоб олдик. Бугунги олган билимларимиз, албатта, фаолиятимизда қўл келади.
Семинар-тренинг якунида иштирокчиларнинг олган билимлари бўйича тест синовлари бўлиб ўтди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари