Ногиронлик тўсиқ бўлолмайди
Ижтимоий ҳимоя
Қашқадарё вилояти Қарши туманида яшовчи Шерзод Бўриев бундан бир неча йил аввал бахтсиз ҳодиса туфайли ўнг оёғининг тиззадан пастки қисмидан ажралди. Уйда ўтириб қолгач, бир муддат тушкунликка ҳам тушди, лекин оёғига протез кийганидан сўнг ҳаммаси ўзгарди. У ҳаракат қила бошлади, тирикчилик учун интилди. Дастлаб велосипедларни таъмирлади. Кейин пайвандлаш ускунаси сотиб олиб пайвандчиликни ўрганди. Шу-шу касби ортидан роҳат кўрмоқда.


У ҳозирда II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар рўйхатида туради. Бироқ бу ҳолат уни тўхтатмайди. Ҳар доим янгиликка интилиб, металлдан турли маҳсулотлар ясайди. Атрофи шогирдларга тўла.
– Ҳаракат қилган кам бўлмайди, – дейди Ш.Бўриев. – Мана кўриб турганингиздек соғломлардан кам жойим йўқ. Кун сайин ҳукуматимиз томонидан мен каби имконияти чекланган фуқаролар учун ҳам кўплаб қулайликлар яратилмоқда. “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази кўмаги билан бепул протез билан таъминландим. Бунинг учун Юртбошимиздан миннатдорман.


Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири