Ногиронлик нафақаси оширилди
Янги фармон
Касб фаолиятим ва шахсий қизиқишларим туфайли психология, айниқса, болалар психологиясига тегишли адабиётларни ўқишга, янги маълумотларни йиғишга алоҳида вақт ажратаман. Ҳозирги ахборот технологиялари, ижтимоий тармоқлар ривожланган даврда соҳадаги сўнгги янгиликлардан бохабар бўлиш у даражада мушкул иш эмас.
Ижтимоий тармоқдаги болалар психологияси билан шуғулланувчи мутахассис гуруҳига аъзо бўлдим. Гуруҳда асосан оналар мутахассисдан ўзларини қийнаган саволларига жавоб олишар экан.
Бир она фарзандининг психологик аҳволини баён қилиш асносида, кўпгина муаммоларини билдирганига эътиборим тушди. Боласининг ногиронлиги, шундан келиб чиққан психологик муаммолар, бунинг оилавий муносабатларга таъсири ва ҳоказо.
Муаммоларнинг негизида иқтисодий қийинчилик ҳам бор, албатта. Ногиронлиги бўлган фарзандни парваришлаётган оналар даромад келтирувчи фаолиятини юритиш имкони бўлмайди, улар доимий тартибда фақат болалари билан овора бўлишади. Шундан қилиб чиқиб бундай оилаларнинг ижтимоий хатарларга заифлиги ошиб боради.
Шу ўринда яқинда имзоланган “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони айни муддао бўлганлигига ишонч ҳосил қилдим.
Мазкур фармон ногиронлиги бўлган шахслар, айниқса, доимий парваришга муҳтож бўлган болаларни парваришлаётган оилаларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, ижтимоий ёрдамнинг замонавий механизмларини амалга оширишда янги ёндашувларни жорий этиш мақсадида қабул қилинди.
Унга кўра, 2022 йил 1 апрелдан бошлаб меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ҳамда иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда 440 минг сўмдан 622 минг сўмгача оширилади (амалда болаликдан ногирон бўлган шахсларга 622 минг сўм миқдорида нафақа тўланган. Ҳаёти давомида ногирон бўлиб қолган шахсларга эса 440 минг сўм нафақа берилган).
Ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига ҳар ойда 500 минг сўм миқдорида парваришлаш нафақаси тўланади. Парваришлаш нафақаси фуқароларнинг Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталига қилган мурожаатлари асосида бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан тайинланади ва тўланади.
Парваришлаш нафақасини тўлаш ва етказиб бериш харажатлари Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.
Бундан ташқари, 2022 йилнинг октябрь ойидан бошлаб 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар ва одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касалликка чалинган 18 ёшгача болаларга тўланадиган нафақаларни ҳамда парваришлаш нафақасини фуқаролардан қўшимча ҳужжатларни талаб этмаган ҳолда “проактив шакл”да тайинлаш тизими жорий этилади.
Президентимизнинг янги фармони давлатимиз томонидан олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг яна бир ёрқин ифодасидир.
Ирода Қаҳҳорова,
ҳуқуқшунос
ЎзА