Ногиронлиги бор аёл эътибордан мамнун (+ видео)
Камбағалликдан фаровонлик сари
Президентимиз раислигида жорий йилнинг 13 декабрь куни ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ишлар натижадорлиги ва 2025 йил учун устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ногиронлиги бор камбағал оилаларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Сурхондарё вилоятида ҳам “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида ижтимоий ҳимоя ягона реестрида турган ишсиз фуқаролар ва ногиронлиги бор камбағал оила аъзолари бандлигини таъминлаш учун касб-ҳунарга ўқитиб, томорқадан унумли фойдаланишига, доимий даромад топишига зарур ёрдам кўрсатилаётир. Бунга Музработ туманидаги Орият маҳалласида яшайдиган ногиронлиги бор Фотима Рашидова ва оиласига қаратилган эътибор яққол мисол бўлади.
– Касаллигим туфайли ҳаётга қизиқишим қолмаган эди, – дейди Фотима Рашидова. – Менинг ташхисим суяк емирилиши касаллиги. Бу касаллик бошланганига уч йилдан ошди. Шундай бўлса ҳам ўзим уйда тикувчилик қилар эдим. Лекин, бундай тикув машиналари, тикув цехи қилишга имкониятимиз йўқ эди.
Уч нафар фарзандни улғайтираётган Фотима ва турмуш ўртоғи учун бу йил серфайз бўлди. “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурига мувофиқ ҳомийлар бириктирилиб, уй-жойи таъмирланди. Ҳовлида цех барпо этилиб, замонавий тикувчилик машинкалари билан таъминланди. Даволанишига кўмаклашилди.
– Маҳаллага бириктирилган ижтимоий ходим келиб, шароитимизни ўрганди, – дея суҳбатни давом эттиради Фотима Рашидова. – Менинг аҳволимдан келиб чиқиб, ёрдам беришди. Сурхондарё вилоят кўп тармоқли шифохонанинг неврология бўлимига ётқизилдим. Ўн кун даволаниб чиқдим. Физиомуолажалар олдим. Анча яхши бўлдим. Даволанаётганимда уйимизда цех очиб, тикув машиналари ўрнатиб беришди. Беш нафар шогирдим бор. Бундан ташқари, қишлоқ аёллари кўйлаклик олиб келади. Кўрпа-ёстиқларини тикамиз.
Ҳомийлар кўмаги билан хонадонида ўз бизнесини йўлга қўйган уй бекаси эндиликда томорқасидан ҳам қўшимча даромад оладиган бўлди.
– Тикувчиликдан ташқари томорқамиз ерини ҳайдаттириб, пиёз экиб беришди, – дейди Фотима Рашидова. – Президентимизга, мутасаддиларга раҳмат айтаман. Бундан кейин бу цехни ривожлантириб, ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни ният қилдим.
Вилоятда камбағал ва ногиронлиги бор камбағал оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган хайрли ишлар давом этмоқда. Мазкур дастур доирасида жорий йилда 37 мингдан ортиқ кишини камбағалликдан олиб чиқиш мўлжалланмоқда.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/Mcx-3LdOQ-0?si=kr9zbUrAhQRQSgyR" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири