Ногиронлиги бўлган фуқаролар доимо эътиборда
3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни Жиззах вилоятининг барча шаҳар ва туманларида нишонланаяпти.
Жойларда ташкил этилган тадбирлардан кўзланган асосий мақсад ақлан ва жисмонан нуқсони бўлган, ҳаракати чеклаган фуқаролар ҳолидан хабар олиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдир.
– Жамиятимизда фуқаролар дини, эътиқоди, соғлиғи, ижтимоий аҳволи ва жинсидан қатъий назар тенг ҳуқуқлидир, – дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи Наргиза Мавлонова. – Саломатлигида муаммо ёки нуқсони бор кишилар, асосан ногирон ёшлар меҳр-мурувват, эътиборга муҳтож. Уларни мунтазам равишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳам конституцион, ҳам инсонийлик бурчимиздир.
Имконияти чекланган фуқароларимизни иш билан таъминлаш мақсадида жорий йилда Давлат хизматларини ривожлантириш агентлигининг “vacancy.argos.uz” портали орқали 108 нафар ногиронлиги бўлган фуқаро ташкилот ва идоралар ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликларида бандлиги таъминланди.
Бундан ташқари, жорий йилда Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти Жиззах вилояти бўлимига қарашли бўш турган бинонинг 2-қаватида “Mono-Electric” корхонаси билан ҳамкорликда электротехника маҳсулотларини йиғиш йўлга қўйилиб, 50 нафар ногиронлиги бўлган шахс банд этилди. Келгусида қўшимча яна 200 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Нафақат Халқаро ногиронлар куни, балки доимий равишда вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманлардаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ходимлари ногиронлиги бўлган фуқароларимизнинг ҳолидан хабар олиб, уларни ҳар томонлама қўллаб- қувватлаб туришади.
Мирзачўл туман ҳокимлиги ва туман “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ходимлари ҳам маҳаллаларда истиқомат қилувчи ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳолидан хабар олди. Улар юртимизда бўлаётган ўзгариш ва эътибордан хурсандлигини билдирди. Суҳбат давомида муаммо ва камчиликлар ҳам ўрганилди.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири