Нодирабегим маҳалласида тадбиркорлар кўпаймоқда
Бухоро вилоятида ҳам солиқ хизмати инспекторлари “маҳаллабай” ишлаш тизимида самарали фаолият юритиб келмоқда.
“Маҳалла еттилиги”га киритилган солиқ хизмати органи ходимларининг асосий вазифаси ўзига бириктирилган ҳудуддаги ишчи-ходимларни легаллаштириш, ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган фуқароларнинг фаолиятини қонунийлаштиришга кўмаклашиш ва шу орқали солиқ базасини кенгайтиришдир.

Таъкидлаб ўтиш керак, жорий йилнинг апрель-май ойида “Маҳаллаларда солиқ органлари фаолияти”ни ахборот тизимида баҳолаш натижаларига кўра, вилоятдаги маҳалла солиқ инспекторларининг самарадорлик кўрсаткичи кетма-кет 94,7 баллни ташкил этди. Эътиборлиси, вилоятда кейинги ойларда самарадорлик кўрсаткичи юқори бўлган маҳалла солиқ инспекторлари сони ортиб бормоқда. Биргина май ойининг якунида самарадорлик кўрсаткичларида қарийб 200 нафар ходим 90 ва ундан юқори балл олди.
Ғиждувон туманининг 75 та маҳалла фуқаролари йиғинига 35 нафар бириктирилган солиқ инспектори томонидан кунлик ишлар ташкил этилмоқда.

Мазкур тумандаги “Нодирабегим” маҳалла фуқаролари йиғини айни пайтда туманнинг энг илғор маҳалларидан биридир. Сабаби бу ерда тадбиркорликнинг турли йўналишлари йўлга қўйилган. “Маҳалла еттилиги” саъй-ҳаракатлари натижасида ҳудудда тадбиркорлар сони ортиб бормоқда.
– Менга 2 та маҳалла бириктирилган, шундан биттаси Нодирабегим, – дейди маҳалла солиқ инспектори Улуғбек Ҳайдаров. – Ушбу маҳалланинг солиқ тушумлари прогнози 3 миллиард 763 миллион сўмни, шундан 5 ойлиги 1 миллиард 456 миллион сўмни ташкил этади. Йил охиригача маҳалла ихтиёрида қоладиган маблағ 46 миллион сўмга режалаштирилган. Бугунга келиб бу режани 1 миллиард 526 миллион сўмга ёки 105 фоизга бажардим. 6 та ишламай турган тадбиркорнинг фаолиятини тикладим, 13 та корхонада 80 дан ортиқ ишчи фаолиятини легаллаштирдим. 129 нафар ноқонуний ишлаётган фуқарони тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказиш ва ўзини-ўзи банд қилиш натижасида 38 миллион сўм бюджетга қўшимча манба аниқладим. Йил охирига қадар “Маҳалла еттилиги” билан ишлаб, маҳалла ихтиёрида қоладиган 46 миллион сўмни 100 миллион сўмга етказиш чораларини кўрамиз.

Солиқ инспектори ҳудудидаги аҳоли билан ишлашдаги хушмуомаласи, тадбиркорлар фаолиятини ривожлантиришда уларга яқиндан туриб мадад бериши унинг маҳаллада ҳурмат-эҳтиром қозонишига сабаб бўлмоқда.
Бугунги кунда жойларда маҳалла солиқ инспекторлари тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, аҳолини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, яширин тадбиркорларни очиққа олиб чиқиш ва бунинг ҳисобига солиқ базасини кенгайтиришда жонбозлик кўрсатмоқда. Асосийси, бу каби ишларга аҳоли ўртасида солиқ маъмуриятчилигини тўғри тарғиб қилиш ва халқимизнинг солиқ маданиятини юксалтириш орқали эришилмоқда. Бундай ёндашувлар ҳудудларда янги-янги тадбиркорлар ва ишбилармонлар кўпайишига, пировардида эса маҳаллалар тараққиётига хизмат қилмоқда.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири