Ноқонуний никоҳни қайси “мулла“ ўқиди?
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг 12 феврал куни фуқаро М.М (аёл) Бешариқ тумани ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, унга кўра, турмуш ўртоғи Ж.М жорий йилнинг 21 январь кунидан фуқаро Г.Ю билан шаръий никоҳ асосида бирга яшаб келаётганлигини билдирган ҳамда унга ноқонуний никоҳ ўқиган “мулла”га нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Вилоят ИИБ ахборот хизматининг маълум қилишича, Ж.М. нинг отаси 51 ёшли М.А эса профилактика инспекторининг хизмат хонасига келиб, никоҳ ўқиган “мулла“нинг шахсини аниқламаслик ва унга нисбатан қонуний чора кўрмаслик эвазига 100 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни пора тариқасида таклиф қилган.
Профилактика инспекторининг ҳолат юзасидан раҳбариятга билдиргиси асосида Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЎХБ Фарғона вилояти бўйича бўлими ҳамда иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Бешариқ тумани бўлими ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро М.А профилактика инспекторининг хизмат хонасида унга 100 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни бераётган вақтда ушланди. 100 АҚШ доллари холислар иштирокида ашёвий далил тариқасида олинди.
Шунингдек, Ж.М ва Г.Ю ларга ноқонуний никоҳ ўқиган “мулла”нинг шахсига ойдинлик киритиш мақсадида олиб борилган суруштирув ишлари натижасида улар бир нечта “домла”га борганликлари, лекин ФХДЁ бўлимидан рухсатномалари бўлмаганлиги учун никоҳ ўқита олмаганликлари маълум бўлган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.