ННТлар раҳбарларининг малакаси оширилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академиясида нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарларининг малакасини оширишга қаратилган ўқувлар ташкил этилди.
Президентимизнинг “2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш, мамлакатда кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш мақсадида ташкил этилган мазкур ўқувлар Давлат бошқаруви академияси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ўртасида тузилган ўзаро ҳамкорлик меморандуми асосида амалга оширилди.
Дастлаб, мазкур малака ошириш ўқувларига танлов оммавий ахборот воситалари ҳамда ЎзННТМАнинг ижтимоий тармоқларидаги саҳифалари орқали кенг оммага эълон қилинди. Унда иштирок этиш мақсадида республикамизнинг барча вилоятларидан 130 га яқин нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарларининг аризалари келиб тушди. Аризалар танлов комиссияси томонидан икки босқичда сараланди. Танловда назарда тутилган талаблар асосида 50 нафар нодавлат нотижорат ташкилотларининг раҳбарлари танлаб олинди.
– Жорий йилнинг 22 ноябридан 3 декабрга қадар давом этадиган мазкур малака ошириш ўқувлари 72 соатлик махсус ўқув-режа асосида олиб борилади, – деди Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси раиси Камолиддин Эшонхўжаев. – Ўқувларда ННТларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, давлат идоралари билан ижтимоий шерикликни ривожлантириш, таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, қолаверса, молиявий барқарорликка эришиш, хорижий тажриба ҳамда раҳбар ходимнинг шахсий компетентлигини ошириш масалаларига эътибор қаратилади. Ўқувларни муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга Давлат бошқарув академиясининг сертификатлари топширилади.
Ушбу малака ошириш курслари мамлакатимизда фаолият юритаётган нодавлат ва нотижорат ташкилотларининг давлат ва жамият қурилишнинг устувор масалаларини амалга ошириш, эркин, очиқ, кучли фуқаролик жамиятини қуриш, жамият ҳаётини янада эркинлаштириш ва демократлаштиришдаги иштирокини фаоллаштиришга хизмат қилади.
Юқорида қайд этилган меморандумдан келиб чиқиб, шу каби қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари доирасида келгуси йилда 100 нафар, 2023 йилда 150 нафар, 2024 йилда 200 нафар ҳамда 2025 йилда 250 нафар ННТлар вакилларини ўқитиш режа қилинган.
Гулноза Бобоева, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА